Самарқанд шаҳри депутатларининг ўз қарори ижросига бепарволиги ёки ҳар ишда бир хайр борлигига жонли мисол

Мурожаатчининг ёзғиришича, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши уларнинг маҳалласи билан боғлиқ қарор қабул қилган. Бироқ қарор ижро этилмаслиги оқибатида маҳалла аҳли аросатда қолмоқда.

“Қарорни қабул қилишмагани қайтага яхши эди”, дейди мурожаатчи. “Баски шундай тўхтамга келишган экан, нега унда депутатлар ишнинг охирига етказилишини назорат қилишмайди?”

Рост, мурожаатчи бежиз ташвишга тушмаяпти. Негаки, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг жорий йил 18 майдаги 06-29/222 сонли қарорида кўҳна кентдаги халқаро аэропорт ортида жойлашган "Лифтсозлик", "Гипрозем-Наврўз", "Боғишамол-Фароч", "Баҳор", "Баҳора-2", "Олтин куз", "Весна" каби боғдорчилик ва узумчилик ширкатларидаги 775 хўжаликда яшовчи фуқароларнинг мурожаатларига асосан ушбу ҳудуд "Зарафшон" маҳалла фуқаролар йиғини билан бирлаштирилиши белгиланган.

Қарор билан маҳалла фуқаролар йиғини чегарасига ўзгартириш киритиш назарда тутилган.

Ушбу қарор ижроси таъминланмаётганидан норози бўлган З.Қаршиева турли инстанцияларга мурожаат йўлламоқда. Ваҳоланки, биргина қарор ижросига жиддий киришиш, депутатлар буни назорат қилиши орқали, аввало, қанчадан-қанча аҳолининг ўз ҳаётидан рози бўлишига эришиш мумкин эди?! Бу орқали одамларда ҳукуматга, депутатларга ишонч ортиши табиий.

Аммо амалда бунинг акси бўлгани туфайли мурожаатчиларда қатор саволлар туғилмоқда:

"Нима учун халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг қарори ҳамон ўз ижросини кутиб турибди?", "Унинг ижросига нима тўсқинлик қилмоқда?", "Яна қанча қарорлар қоғозларда қолиб кетяпти?"

Албатта, мазкур ҳудуддан сайланган вилоят Кенгаши депутати сифатида ушбу саволларга жавоб топиш, қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўрганишлар олиб боряпман.

Қолаверса, сайловчилар билан яқин алоқа ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммолардан доимий хабардор бўлиш мақсадида алоҳида телеграм гуруҳини ишга туширдик. Шуни айтсалар керакда, ҳар ишда бир хайр бор, деб.

Бадриддин Насриев,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

***

P/s: Ўйлаймизки, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши юқорида қайд этилган саволларни ўрганиб чиқиб, уларнинг жавобларини кенг жамоатчиликка маълум қилади.