Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Ургут ва Нуробод туманлари солиқ идоралари раҳбарлари ишдан олинди

Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда тадбиркорликни ривожлантириш орқали солиқ базасини кенгайтириш муҳокама қилинди.

Биринчи ярим йилликда республикада солиқ тушумлари 76,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 107,5 фоизга ўсди.

Ушбу даврда 2,3 триллион сўм маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилди.

“Лекин, бу мавжуд салоҳиятимиздан анча кам. Тан олиш керак – кундан-кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти.

Бу борада тадбиркорларни айблаб бўлмайди. Бунинг учун солиқ идоралари ўз дунёқарашини ўзгартириши керак.

Солиқчилар тадбиркорларга пул ундириш нуқтаи-назаридан эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали ўстириб, солиқ базасини кенгайтириш манбаи сифатида қараши зарур”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда солиқ тушумларининг 60 фоизини Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси электрон тизим орқали жойига чиқмасдан ундираётгани, лекин вилоят ва туман солиқ ходимлари хотиржам бўлиб ўтиргани танқид қилинди.

 

Мисол учун, бугунги кунда даромад солиғи тўлаётган корхоналар сони 425 мингтани ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 9 фоизга камайган.

 

Айниқса, бундай корхоналар Хоразм ва Қорақалпоғистонда 20 фоизга, Тошкент вилоятида 14 фоиз, Бухоро, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 12 фоизга камайган.

 

Ёки, жорий йилнинг беш ойида 40 та туманда тадбиркорлар даромади деярли ўзгармаган, айримларида ҳатто тушиб кетган.

 

Шу боис, Қўнғирот, Тахтакўпир, Улуғнор, Олот, Пахтакор, Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Косон, Муборак, Деҳқонобод, Ургут, Каттақўрғон, Нуробод, Музработ, Хива, Хонқа, Китоб туманлари ҳамда Бухоро, Когон, Самарқанд, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари, жами 26 та солиқ идоралари раҳбарларини ишдан олишга қарор қилинди.