Самарқанд шаҳри куни оммавий сайил сифатида нишонланади
Байрам тадбирлари 18 октябрь куни тонгда Соҳибқирон Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловати билан бошланади. Сўнгра вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари томонидан Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилади.
Университет хиёбони, вилоят мусиқали драма театри, Амир Темур мақбараси ҳудудларида вилоят мактабгача таълим, халқ таълими, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари, ёшлар иттифоқи фаоллари томонидан кўргазмалар намойиш қилинади.
Шаҳар умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Азиз шаҳрим – Самарқандим", "Мен Самарқанд фарзандиман" мавзуларида ўтказилган иншолар танлови ғолиблари тақдирланади. Болажонлар учун вилоят қўғирчоқ театрида "Улуғбек юлдузи" спектакли намойиш этилади. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, "Саховат" интернат уйида яшаётган кексалар ва ногиронлар, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари учун байрам дастурхони ёзилади.
Вилоят мусиқали драма театрида Мақсуд Шайхзода асари асосида саҳналаштирилган "Мирзо Улуғбек" спектакли намойиш этилади. Театр олдидаги саҳнада концерт дастурлари уюштирилиб, шу ерда илк бор шаҳар миқёсида ташкил этилган "Энг обод маҳалла", "Энг фаол мактаб", "Энг кўркам мактабгача таълим муассасаси", "Йилнинг энг яхши патронаж ходими" каби кўрик-танловлар ғолибларига совғалар улашилади.
Шаҳарнинг Сартепа маскани, Кимёгарлар қўрғони, Фарҳод ва Сўлим шаҳарчаларида, Регистон майдони, Ислом Каримов кўчаси, Ҳунармандлар марказида, маданият ва истироҳат боғларида маданий тадбирлар, концерт дастурлари уюштирилади.
Ижтимоий тармоқларда #Samarkandday хэштеги остида ёшлар ўртасида "Самарқанд – энг гўзал шаҳар" суратлар, "Самарқанд тарихини биласизми?" танловлари ўтказилади.
Олий ўқув юртларида "Зарафшон воҳаси – жаҳон цивилизацияси тарихи" мавзусида илмий конференция, шеърият кечалари, вилоят ўлкашунослик музейида "Мақом кечаси", Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида "Самарқанд – кеча ва бугун" номли фотокўргазма ташкил этилади.
"Спорт – ёшлик шижоати ва нафосати" шиори остида марафон, веломарофон, футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бадиий гимнастика бўйича мусобақалар ўтказилади.
Шаҳарда ҳаракатланаётган жамоат транспортлари байрамга хос, Самарқанд шаҳри логотипи туширилган эмблемалар билан безатилади. Тошкент-Самарқанд-Қарши йўналишидаги "Афросиёб" поезди мониторларига "Шарқ гавҳари" номли кўрсатув-ролиги, Регистон майдонида эса 3D шоу дастури намойиш қилинади.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.