Самарқанд шаҳрида ақлли кутубхона очилиши доирасида 300 минг евро миқдорида инвестиция киритилади
Вилоят ҳокимлиги, “ММ нашрлари” халқаро делегацияси вакиллари ва “Инновацион марказ” нодавлат таълим муассасаси масъулари билан бўлган учрашувда ушбу масала муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўқитувчилар учун маҳорат дарсларини ташкил этиш ва Самарқанд шаҳридаги мактабларни услубий қўллаб-қувватлаш, дарсликлар, электрон ўқув китоблари ва дастурлар, хорижий тилларни ривожлантириш режалари, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилди.
- Президентимиз қарорига асосан ёшларни сифатли ўқув қўлланмалари билан таъминлаш асосида смарт кутубхона ташкил қиляпмиз, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий тилларни оммалаштириш агентлиги Самарқанд вилояти бошқарма бошлиғи Муҳаммаджон Солиев. – Бунинг учун кўплаб ҳамкорлар билан ишлаяпмиз. Хусусан, бугун дунёга машҳур “ММ нашрлари” вакиллари ҳамкорлик таклифи билан келди. Қўлланмалар билан жиҳозланган ҳам кутубхона, ҳам ўқув қўлланмалари сотиладиган замон талабларига жавоб берадиган смарт кутубхона ташкил қилиш режасини муҳокама қилдик. Бу ерда ёшлар китоб мутолаа қилади, хорижий тилларни ўрганади, қолаверса, ёшлар нафақат инглиз тили, балки математика ва IT соҳасида ҳам ўз билимларини ошириш имконига эга бўлади.
Ташкил этилиши режалаштирилган янги кутубхона жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда энг янги ўқув материаллари, ўқув қуроллари, смарт манбалар, электрон материалларни намойиш қилиш учун компьютерлар, замонавий ўқув-методик китоблар, шунингдек, чет тилларни ўрганиш учун зарур ресурслар билан таъминланади. Биринчи навбатда кутубхонада 20 мингдан ортиқ китоб ва дастурларни киритиш, электрон дастурлар тақдимотини ўтказиш учун замонавий компьютерлар ўрнатилиши ва йилига 40 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олиш мақсад қилинган.
Сулаймон Мардиев.