Самарқанд шаҳрида фуқаролар ва тадбиркорлардан МИБ иш юритувидаги қарздорлик 20 миллиард сўмдан ошади

Давлат раҳбари топшириғига қарамай компенсация тўловлари билан боғлиқ 30 та иш доирасидаги шунча сумма ундирилмай қолмоқда. Бу халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида берилган вилоят МИБ бошлиғининг ҳисоботида қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, Президент раҳбарлигида ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларга бағишлаб ўтган йили 19 майда видеоселектор йиғилиши ўтказилган.

Бош прокуратура, Мажбурий ижро бюроси билан бирга ҳокимликларга суд қарорлари бўйича компенсация тўловларини бир ой муддатда тўлиқ охирига етказиш вазифаси юклатилган.

Бугунги кунда Бюронинг вилоят бошқармаси органлари иш юритувидаги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг фойдасига компенсация ундируви билан боғлиқ 29 млрд. 794 млн. сўмлик 37 та ижро ҳужжатлари мавжуд.

Шундан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 30 та (20 млрд. 862 млн.), Пайариқ тумани ҳокимлиги томонидан 2 та (7 млрд. 171 млн.), Оқдарё тумани ҳокимлиги томонидан 2 та (748 млн.), Жомбой тумани ҳокимлиги томонидан 2 та (399 млн.) ва Паст Дарғом тумани ҳокимлиги томонидан 1 та 613 млн. сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича компенсация пуллари тўланмасдан келиняпти.