Самарқанд шаҳрида хайрия маблағлари ҳисобидан спорт майдончаси барпо этилди

Самарқанд шаҳридаги Нурафшон маҳалласида “Самарқанд марафон” Болалар академияси ҳузурида янги спорт майдончаси фойдаланишга топширилди.
Умумий майдони 600 квадрат метр бўлган ушбу майдонча Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда рақамли тўловлар саноатининг етакчиси – Виза компанияси ташаббуси билан барпо этилган.
Айтиш жоизки, “Самарқанд марафон” Болалар академияси аутизм спектри бузилиши, даун синдромига чалинган, эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватлаб келади. “Самарқанд марафон” сайтида эса виза карталарида тўланган ҳар бир хайрия бадали спорт майдончасини бунёд этиш учун зарур маблағни тўплашга хизматга қилган.
Мазкур спорт майдончаси «Самарқанд марафон серияси» доирасида йиғилган хайрия маблағлари ҳисобидан қурилди, - дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг махсус лойиҳалар гуруҳи менежери, югуришлар сериясининг куратори Мирхон Сагитов. - 20 та спорт анжоми ва 17 турдаги жиҳозлар билан таъминланган соғломлаштириш иншоотида барча фуқаролар бепул шуғулланиши мумкин. Келгусида «Самарқанд марафон серияси» доирасида ўтказиладиган барча югуриш мусобақалари ўтказиладиган, яъни «Бухоро Айтрейл», «Самарқанд марафони», «SkyCamp Бўстонлиқ» ва «Замин ултра» каби шаҳарчаларда ҳам шундай болалар спорт майдонлари қуриш режалаштирилган.
Самарқанд марафон югуриш мусобақалари серияси шунчаки марафон эмас, балки хайрия платформаси ҳамдир. Бу лойиҳа орқали иштирокчиларнинг ҳиссаси ва тўловлари ёрдамида шаҳарларда инклюзив спорт майдонларини яратишга кўмаклашилади. Югуриш мусобақаларида иштирок этиб, сиз нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қиласиз, балки юртимизда оммавий ва ҳаваскор спортни ривожлантиришга ўз ҳиссангизни қўшасиз.