Самарқанд шаҳридаги 16 та чорраҳада тадбиркорлар қоидабузарликни қайд этувчи онлайн-камера ва радарлар ўрнатмоқда
Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, 2021 йил давомида шаҳарда йўл-транспорт ҳодисалари сони 2020 йилга нисбатан 43 тага ошиб, 188 тани ташкил этган. Бунинг оқибатида 176 киши турли даражада тан жароҳати олган, 21 киши ҳалок бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 25 таси болалар иштирокида юзага келган ва бундан шунча миқдорда бола тан жароҳати олган.
- Йил давомида шаҳар йўлларида 79 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланиб, 14 миллиард 133 миллион сўмдан ортиқ жарималар ундирилди, – дейди кичик сержант Шуҳрат Холмамедов. – Жумладан, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги учун 853 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун судларга юборилди. Энг ачинарлиси, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан 1300 та қоидабузарлик содир этилди. Бу қоидабузар ҳайдовчиларнинг 87 нафари транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган. Албатта, бундай ҳолатлар учун ҳайдовчилар ва бунга йўл қўйган корхоналар масъулларига нисбатан белгиланган чоралар кўрилди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги йўлларда қоидабузарликларни қайд этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн-камера ва радарлар ўрнатилмоқда. Дастлабки босқичда 16 та чорраҳада шундай воситалар ўрнатилиб, жорий йилнинг март ойига қадар уларни ишга тушириш режалаштирилган.