Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқувчиси шахмат бўйича муддатидан олдин жаҳон чемпиони бўлди

Шахмат бўйича Италияда ўтказилаётган 14 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шов-шув кўтарган ҳамюртимиз юртимиз тарихига ўз исмини олтин ҳарфлар билан битиб қўйди. 

Негаки, бунгача ҳали ўзбекистонлик бирор хотин-қиз бундай нуфузли мусобақада олтин медални қўлга киритмаган. Чемпионат якунига етмасдан самарқандлик 14 ёшли Афруза Ҳамдамованинг ғолиблиги аниқ бўлди. Қизиғи шундаки, у мусобақанинг дастлабки турини ўтказиб юборган, яъни иштирок этмагани учун очкосиз қолган...

Афруза Ҳамдамова 2009 йил 25 февралда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. Тўрт ёшидан шахмат билан шуғулланиб келади. Ҳозирги вақтда Самарқанд шаҳридаги 42-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. WFM – Хотин-қизлар ўртасида FIDE спорт устаcи.  

Афруза шахмат бўйича хотин-қизлар ўртасидаги (мактаб ўқувчилари ўртасида) шахматнинг асосий – стандарт йўналиши бўйича илк ва ҳозирча ягона жаҳон чемпиони эди. Энди болалар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида ҳам ўзбекистонлик қизлар ичида илк жаҳон чемпиони бўлди. У турнирда 2609 рейтингга эга кучли гроссмейстрлар даражасида ўйнаган. 

У 2016 йилда Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпионатида стандарт, рапид ва блиц йўналиши ғолиби, Грузиянинг Батуми шаҳрида ўтказилган болалар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида 8 ёшгача қизлар ўртасида тўртинчи ўринни, Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 7 ёшгача қизлар ўртасида ҳам шахсий, ҳам жамоа таркибида олтин медални қўлга киритган.  

2017 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида стандарт йўналишида олтин, рапид ва блиц бўйича кумуш, Руминиянинг Ясси шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 9 ёшгача қизлар ўртасида стандарт ва блиц бўйича  олтин, Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида 8 ёшгача  қизлар ўртасида  кумуш медалларига сазовор бўлган.

2018 йилда Белоруссия пойтахти Минск шаҳрида ўтказилган тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида 10 ёшгача қизлар ўртасида рапид бўйича кумуш, блиц йўналишида олтин, Шри-Ланканинг Калутара шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпионатида 9 ёшгача қизлар ўртасида стандарт ва рапид йўналишида олтин, блиц бўйича кумуш ҳамда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ғарбий Осиё чемпионатида 10 ёшгача бўлган қизлар ўртасида уч йўналиши бўйича ҳам олтин медалларга эга чиққан. 

2019 йилда Шри-Ланканинг Калутара шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 10 ёшгача қизлар ўртасида стандарт ва рапид йўналишида  кумуш медални, Туркиянинг Анталия вилоятида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 11 ёшгача қизлар ўртасида стандарт йўналишида тўртинчи ўринни, Тошкент шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпионатида 11 ёшгача қизлар ўртасида 3 та олтин медални қўлга киритиб, уч карра Осиё чемпиони бўлган. Белоруссиянинг Минск шаҳрида ўтказилган 10 ёшгача қизлар ўртасида блиц бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган.

2020 йилда хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати 1-лигаси ғолиби, онлайн тарзда бўлиб ўтган ФИДЕ 3.4-зонаси биринчилигида иккинчи ўринни, 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатида 12 ёшгача бўлган қизлар ўртасида шахматнинг ҳар уч йўналиши – стандарт, рапид ва блис ҳамда тезкор шахмат бўйича “Соҳибқирон Амир Темур кубоги” халқаро шахмат турнирида 12 ёшгача бўлган қизлар ўртасида биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Заковат- Гамбит” шахмат турнирида “Энг яхши аёл шахматчи” номинацияси ғолиби бўлган.

2022 йилда кетма-кет хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати 1-лигасида иккинчи, Ўзбекистон чемпионати олий лигасида бешинчи ўринни эгаллаган. 

Афруза жаҳон чемпионлигини қўлга киритгач, унинг онаси билан суҳбатлашдик.

- Тўрт нафар фарзандимиз бор, Афруза оилада иккинчиси, - дейди Шабнам Исматова. – Қизим ёшлигидан расм чизиш ва китоб ўқишга қизиқарди. Отаси Акбар Ҳакимов шахматчи бўлганлиги учун у ҳам шахматни танлади. Бошланғич таълимни уйда отасидан ўрганган бўлса-да, дадасини бирпасда ютиб қўярди. Афрузанинг шахматга қизиқиши ва маҳорати ошгач, шахмат мураббийи Шахоб Ҳамроқуловга бириктирдик. Қизимиз у кишининг қўл остида вилоят биринчилиги, Ўзбекистон чемпиони ва халқаро турнирлар ғолиблигини қўлга киритди. Кейинчалик отасининг ўзи Афрузага устозликни давом эттирди ва мусобақаларда доим ёнида. 

Афруза бизга “Сизларнинг меҳнатларингиз орқали мени бутун дунё танийди. Ишончингизни оқлайман ва бунинг учун тинмай ҳаракат қиламан” дер эди. Фаолияти давомида болалар ва ўсмирлар, мактаб ўқувчилари  ўртасида ўз ёш тоифасида 17 карра Ўзбекистон, 15 карра Осиё, 5 карра жаҳон чемпиони ҳамда халқаро турнирлар ғолиби бўлди. Италияда ўтказилган болалар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қизлар ўртасида илк жаҳон чемпионлигини қўлга киритганини эшитиб, кўзимга ёш келди. Ота-она учун фарзандининг ютуғини кўришдек бахт бўлмаса керак. Қизим билан фахрланаман.

Тўғриси, бу мусобақада Афрузанинг ғолиб бўлишига ишонмаган эдик. Чунки виза билан боғлиқ муаммолар сабабли жаҳон чемпионатига кечикиб борди ва биринчи турни ўтказиб юборди. Мусобақаларда иккинчи турдан иштирокини бошлади ва 9 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, чемпионат тугашига яна бир тур қолганда муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритди. 

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.