Самарқанд шаҳрининг ҳар бир кўчасини пиёда кезиб, уларни буюк бобокалонларимиз номлари билан аташда фидойилик кўрсатган олим

Иноятулла Сувонқулов ҳаёт бўлганида бугун 88 ёшни қаршилаган бўларди.

Асли ғаллаороллик филология фанлари доктори, профессор И.Сувонқуловнинг ҳаёти ва иш фаолияти Самарқандда кечди. Самарқанд давлат университетида таҳсил олгач, бир муддат Ғаллаоролда ўқитувчилик қилди. Сўнгра университетда илмий тадқиқотчи, 1968 йилдан Самарқанд давлат педагогика институтида ёшларга сабоқ берди.

Домланинг кейинги фаолияти СамДТИ ва СамДЧТИда кечди. Бу пайтда номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлади. Яъни, илмий фаолиятининг дастлабки 20 йилини халқ оғзаки ижодини ўрганишга, охирги 20 йилини эса алломаларимиз маънавий меросини тадқиқ қилишга ва улар номини абадийлаштиришга сарфлади.

И.Сувонқулов 2007 йилдаёқ Регистон майдонидаги «Шоирлар боғи»дан вақтинча, деб олиб қўйилган оқинлар Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли ҳайкалларини жойига келтириб қўйиш лозимлигини таъкидлаганди. Бу ҳақда матбуотда чиқиш қилди, тегишли идораларга хатлар ёзди. У кишининг орзуси 10 йил ўтиб ушалди. 2017 йилда Президент Ш.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракати билан ҳайкал ўз ўрнини топди.

Бундан 20 йиллар олдин Иноятулла ака Самарқанд шаҳрининг ҳар бир кўчасини пиёда кезиб, уларни буюк бобокалонларимиз номлари билан аташда фидойилик кўрсатганди. У киши билан учрашганларнинг хотирлашича, домла доим қўлида аллақандай қоғозлар - ҳужжатлар кўтариб юрганига гувоҳ бўлишар, суҳбатлашганида “Бугун ҳокимга кирдим, мана бу кўчани, мана бу буюк бобомиз номи билан атадик, буниси эса, мана бу файласуф бобомиз номи билан аталадиган бўлди”, деган гапларни эшитарди.

- Иноятулла ака сунъийликни, нотабиийликни хушламасди, - дейди таниқли ижодкор Фармон Тошев. - Шогирдларига, умуман, ёшларга, ҳамкасбларига ўзини ҳам ортиқча таърифлашларига йўл қўймасди. Бир куни тадбирдан чиқиб келаётганимизда қўлимдан ушлаб насиҳат қилди: “Ука, кўрдингизми, кечагина устидан думалоқ хат ёзиб, давраларда масхара қилиб турганлар бугун домлани авлиё, деб мақташди. Бунақаларни жиним ёқтирмайди…”.

Топонимик жойларга ном бериш вилоят комиссияси таркибида домла билан бақамти ишлаш жараёнида у кишидан кўп нарса ўргандим. Иноятулла ака айниқса, Самарқанд шаҳри кўчаларини қайта номлашда биздан эски русча номларни оддий ўзбекчага ўгириш билан қутулиб қолмасликни талаб қилди. Бу заминда яшаб ўтган буюклар номини тарғиб қилди. Тарихий жойлар номини сақлаб қолишда ҳам қатъиятлилик кўрсатди. «Самарқанд кўчалари номи» номли библиографик услубий китоб чоп этди.

Бир суҳбатдаги гаплари ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди: “Укалар, эътиқод думалоқ бўлмайди. Унинг бақувват устуни бўлади. Ҳавасингиз келган, озгина манфаати теккан гапларга, фикрларга эргашиб кетаверманглар. Ҳар бир зиёли илмга дахлдор. У доимо ўйлаши, ўқиши, таҳлил қилиши ва хулоса чиқариши керак. Янги фикр айтишда у кимгадир ёқмаслигидан қўрқманглар. Ҳаммага ёқаман, деган одам субуциз бўлади”. Домла ўзининг ана шу каби ақидаларига риоя этиб яшади. 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди, бир йил ўтиб, “Устоз” фахрий унвонига сазовор бўлди. 2012 йилда вафот этди.