Самарқанд тажрибаси: Мактаблар ОТМларга бириктирилмоқда

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Дилфуза Азизова ҳамда иттифоқнинг вилоят масъуллари, шунингдек, журналистлар иштирокида «2023 йил мобайнида тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоби»га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда келгусида ёшлар ҳаёти билан боғлиқ амалга оширилиши зарур бўлган муҳим режа ва лойиҳалар, тизимда амалга оширилаётган ишлар хусусида давра суҳбати ташкил этилди. Эркин мулоқот шаклида бўлиб ўтган анжуманда бир қатор муҳим мавзулар муҳокама қилинди.

- Вилоятимиздаги 13 та олий таълим муассасаларидаги 6 йўналиш бўйича иш олиб бораётган бошланғич ташкилот етакчилари бизнинг асосий кучимиз, - дейди кенгаш раиси Дилфуза Азизова. – Бугунги кунда ушбу координаторларимиз 156 тани ташкил этади. Уларнинг асосий мақсади истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини рағбатлантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун шароит яратиш ҳамда ягона мақсад сари етаклашдан иборат. Тизимдаги бошланғич ташкилот етакчилари, йўналиш координаторларининг иш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд тажрибасини амалиётга тадбиқ этиш мақсадида чора-тадбир режаси ишлаб чиқилди. Бунда ҳар бир олий таълим муассасаси бошланғич ташкилот етакчилари, координаторларига кунлик иш режаларини тузиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда йўналишлар бўйича талаба-ёшларни қамраб олиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, мактаб ва туман "Камалак" ва иттифоқ сардорларининг иш самарадорлигини ошириш ва янгича услубда олиб бориш мақсадида «Услубий кўмак карвони» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида кенгаш аъзолари томонидан ҳар бир тумандаги директорларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва мактаб, туман сардорларига умумтаълим мактабларида ўқувчи-ёшлар орасидан сардорлик қобилиятига эга ўқувчиларни саралаб олиш орқали уларда ўзини ўзи бошқариш, тенгдошларини ягона Ватан манфаатлари йўлидаги эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш ҳамда бошқа зарур кўникмаларни шакллантиришга кўмаклашиш мавзуларида семинар тренинглар ташкил этилди. Шунингдек, «Тенгдош - тенгдошга кўмакчи» лойиҳаси амалга оширилиб, бунда вилоятдаги ОТМларда фаолият олиб бораётган йўналиш координаторлари ҳудуддаги бошқа олий таълим муассасасидаги тенгдошлари билан ўзаро тажриба алмашиб келмокдалар.

Тадбир якунида кенгаш аъзолари томонидан иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўрганилиб, янги лойиҳалар ҳақида фикр юритилди.

Жасурбек ШУКУРОВ.