Самарқанд тарихида илк бор фигурали учиш секцияси очилди
Самарқанд шаҳридаги “Family Park” марказида "Чемпион" фигурали учиш академияси ўз ишини бошлади.
Энди самарқандлик болалар ҳам Зарина Ҳожимуҳаммедова мураббийлиги остида ушбу нафис спорт тури билан шуғулланишлари мумкин.
Кейинги йилларда юртимизда ҳам қишки спорт турлари босқичма-босқич ривожланиб боряпти. Яқинда мазкур мажмуада хоккей секцияси иш бошлаган бўлса, энди болалар фигурали учиш асосларини ўрганиш имкониятига эга бўлди.
Тажрибали мураббий Зарина Ҳожимуҳаммедова кўп йиллар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшаб, фигурали учиш билан шуғулланган. Қатор мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган.
- Самарқандда муз устида учиш майдончаси қурилганидан сўнг менда ҳам фигурали учиш бўйича тўгарак ташкил этиш фикри уйғонди, – дейди З.Ҳожимуҳаммедова. – Шу пайтгача шаҳарда бу каби муз майдончаси бўлмаган эди. Маҳаллий ўғил-қизларнинг спортнинг ушбу тури билан шуғулланиш истаги катта. Уч ёшдан бошлаб қизлар фигурали учиш билан шуғулланади. Улар энди нафақат конькида ишончли учишади, балки мураккаб элементларни ҳам бажара олишади.
Дарвоқе, секцияда дастлабки ёш фигурали учиш соҳибалари жамоаси шаклланди. Улар машғулотларда иштиёқ билан қаташмоқда.
Илк муваффақиятлар ўзини кўп куттирмайди. Самарқанд фигурали учиш академияси тарбияланувчилари тез орада тошкентлик рақиблари билан мусобақа ўтказишни режалаштиришган. Ёш спортчилар мазкур турнирга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Дилмурод Тўхтаев.