“Самарқанд тасвирий ва амалий санъати” китоб-альбоми нашр этилди

Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Калоновнинг айтишича, самарқандлик рассом ва амалий санъат усталари ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи сўнгги китоб-альбом 1992 йилда рус тилида нашр этилган. Шундан кейин бундай каталог чиқаришга деярли эътибор қаратилмаган. Ваҳоланки, мустақиллик йилларида ҳам самарқандлик рассом ва ҳайкалтарошлар, кулоллар баракали ижод қилиб, республика ва халқаро кўргазмаларда қатнашди. Юртимизда бунёд этилган бино ва иншоотларни ранг-тасвир, графика асарлари, ганчкорлик ишлари, ҳайкалтарошлик намуналари билан безатишда фаол иштирок этди. Уларнинг бу меҳнатлари халқаро даражада эътироф этилди.

  – Тўғри, ижодий асарларимиз халқимизга таниш, кўргазмаларда намойиш этилмоқда, бино ва иншоотларга кўрк бериб турибди, – дейди Н.Калонов. – Лекин бу ҳақда ёзма манбалар бўлиши, келгуси авлодлар ҳам буни билиши, ўрганиши керак. Афсуски, ўттиз йил бу ҳақдаги орзуларимиз орзулигича қолди. Ўтган йил вилоят ҳокимлиги эътибори билан Самарқанд бадиий ижодкорлар уюшмаси жойлашган бино реконструкция қилиниб, ижодкорлар учун зарур шарт-шароит яратилди. Уюшмамизга эътибор ошди. Бунинг натижасида “Самарқанд тасвирий ва амалий санъати” номли китоб-альбом яратилди. Унда рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик ва амалий санъат бўйича 47 нафар самарқандлик ижодкор ва уларнинг асарлари ҳақида маълумотлар жамланди. Китоб-альбом Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нурнинг кириш сўзлари билан бошланган.

Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимида бугун мазкур китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди.

Самарқандлик ижодкорлар, рассом ва усталар, ҳайкалтарошлар, ёшлар иштирок этган тадбирда мазкур китобнинг яратилиши ҳақида сўз юритилди. Кейинги йилларда бадиий академия аъзоларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик эътироф этилди.

Тақдимотда қатнашган вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов вилоятда тасвирий ва амалий санъат билан шуғулланаётган ижодкорлар кўплиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва асарларини кенг тарғиб этиш мақсадида ушбу китоб-альбомнинг иккинчи нашрини тайёрлашни, шунингдек, самарқандлик ёш рассомларнинг ҳам шу каби каталогини яратиш таклифини билдирди. Бу китобларни нашр этишга вилоят ҳокимлиги ёрдам беришини таъкидлади.

Тадбир доирасида Самарқанд бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларининг ижодий асарлари кўргазмаси ва “Бадиий салон” очилди. Эндиликда ушбу “Бадиий салон”да самарқандлик рассомларнинг асарларини харид қилиш мумкин.