Самарқанд тиббиёти тарихида илк бор: Юзлаб йўқотишларнинг олди олинади!

Самарқанд тарихида илк бор инсоннинг энг нозик, энг муҳим ва маъжозий тарзда айтадиган бўлсак, ҳаётимиз давомидаги ғаму ташвишлар, қувончларни ўз призмасидан ўтказиб, керак бўлса ғамларни ютиб, организмни ҳаёт билан таъминлаб турувчи аъзо – юрак операцияси ўтказилмоқда. Яқиндан бошлаб йўлга қўйилган бу амалиёт осон кечгани йўқ. Таҳлиллар, ўрганишлар, муаммо ечими дастурга киритилишига қадар бўлган жараён, бюджетдан маблағ ажратилиши, вилоят раҳбаридан тортиб, соҳа мутасаддиларининг саъй-ҳаракатларигача мужассам бунда.

Самарқанд вилоят кардиология диспансерида ўтган йилнинг сўнггида бўлиб ўтган йирик ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида хабар бергандик. Ушбу ўзгаришлар фақат юракда операция ўтказиш эмас, балки юрак билан боғлиқ турли хасталикларни даволашга ҳам боғлиқ.

Ўлим кўрсаткичи 63 фоиз… эди

Кейинги йилларда юрак қон-томир хасталиклари нафақат мамлакат, балки дунё миқёсида ошиб бораётгани сир эмас. Ўтган йиллар давомида операцияни ўтказиш учун аҳолининг қанча қисми пойтахтга, чўнтаги кўтарадиганлар хорижга боришга мажбур бўларди. Умуман, юракни даволаш ҳар доим, ҳамма учун ҳам осон кечмаган. Келинг, ушбу кўламни янаям яхшироқ ифодалаш учун баъзи рақамларга мурожаат қилсак.

2018 йилда Самарқанд вилояти бўйича аҳоли орасида юрак қон-томир тизими касалликлари 210 мингдан зиёдни (касалликларнинг 8,2 фоизи) ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 226 мингдан ошди (8,5 фоиз). Ушбу хасталик билан бирламчи касалланиш 2018 йилда 56 минг бўлса, 2019 йилда 8,9 фоизга ошган. Юрак қон-томир хасталиклари  оқибатидаги ўлим кўрсаткичи  умумий ўлимнинг 63 фоизини ташкил этади ва бу кўрсаткич охирги 3 йилда 4,9 фоизга ошган. 50 минг нафар бемор юрак ишемик касаллиги билан диспансер назоратига олинган. Уларнинг 8 мингдан ортиғи юқори технологик замонавий жарроҳлик даволаш усулларига муҳтож. Ҳар йили 100 дан ортиқ бемор ўткир миокард инфарктини ўтказади, ўлим кўрсаткичи 10 фоизни ташкил қилади. Биринчи суткада  коронароангиография ва териости коронар даволаш усуллари қўлланилиши ўлим, ногиронлик камайиши, ҳаёт сифатини кўтаришга олиб келади.

Ангиограф, ИВЛ, кардиомониторлар, дефибриллятор…

Айнан шу даволаш усуллари учун зарур бўлган тиббиёт ускуналари келтирилиши баробарида уни ишлата оладиган мутахассисларнинг ҳам жалб этилиши, янги бино қурилиши беморларнинг тўлиқ даволанишларида муҳим омил саналади.

- Табиийки, ушбу соҳада барча янгилик маблағ билан боғлиқ, - дейди вилоят кардиология диспансери бош шифокори Мақсуд Саидов. - Вилоятда юрак қон-томир тизими касалликлари кўпайишининг олдини олиш мақсадида инвестиция дастури асосида  11,6 миллиард сўм ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан 300 миллион сўм ажратилиб, қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди.

Натижада мазкур диспансер 100 қатновли поликлиника ва 220 ўринли барча қулайликларга эга бўлган стационар даволаш марказига айлантирилди. Бунинг натижасида 70 га яқин янги иш ўринлари  яратилади. Марказда аҳоли учун энг зарур бўлган ангиография ва эндоваскуляр хирургия ҳамда кардиохирургия бўлимлари ишга туширилди.

Эндиликда мазкур марказда коронарография, юрак ритмнинг мураккаб бузилишини жарроҳлик йўли билан тиклаш ҳамда очиқ юрак шароитидаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Шу кунга қадар марказда 20 га яқин операция муваффақиятли амалга оширилди. Бундан ташқари, мазкур марказ кейинги икки ой давомида сунъий юрак қон айлантириш, ангиограф, ИВЛ, кардиомониторлар,  дефибриллятор, ультра товушли текширув ва рентген каби замонавий аппаратлар ҳамда энг сўнгги компьютер техникалари билан таъминланди. Хорижда малака оширган кардиолог, эндоваскуляр хирург, аритмолог, перфузиолог, кардиореаниматолог, қон-томир хирурги каби мутахассислардан иборат 8 нафар шифокор ишга қабул қилинди.

Беморнинг оёғи асраб қолинди!

Мақола тайёрлаш мақсадида шифохонага борганимизда бу ерда Москвадан келган шифокор иштирокида мураккаб операция амалга оширилаётган экан.

- Айни пайтда диспансерда тиббиёт фанлари доктори, Москва шаҳридаги 15-клиникада бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритаётган Шуҳрат Жўрақулов томонидан қандли диабет билан оғриган беморларда учрайдиган диабетик товон номли хасталикни даволаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда, - дейди кардиожарроҳ Икром Маллаев. -  Ушбу жарроҳлик ҳам Самарқандда илк бор амалга оширилаётган бўлиб, инсон оёғини ампутация қилинишидан сақлаб қолади. Яхши биласиз, қандли диабет хасталигига чалиниб, у билан узоқ йиллар яшаб келган беморларнинг баъзиларида оёқ томирларида муаммолар пайдо бўлади ва кейинчалик уларни ампутация қилишга тўғри келарди. Ушбу жарроҳлик беморнинг оёқларини, кези келганда ҳаётини асраб қолишига имкон беради.


Танамизда қон томирлари етиб бормаган аъзо йўқ. Шунинг учун эндиликда қон томирлари хасталиклари билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ҳам йўлга қўямиз. Москвада фаолият юритувчи шифокорлар ушбу жарроҳликларни амалга ошириш баробарида диспансер шифокорларига маҳорат машғулотлари ҳам ўтмоқда.

Энг ёш жарроҳ ҳам шу ерда

Дарвоқе, ушбу жарроҳлик амалиётини бажариш учун зарур бўлган барча шароит яратилган, ускуналар келтирилган. Кардиожарроҳ Икром Маллаев билан бирга Москвада амалиёт, тажриба орттириб келган 7 нафар мутахассислар операцияларда қатнашмоқда. Вилоятдаги энг ёш жарроҳлардан бири, 27 ёшли Илҳом Ҳамидов ҳам шу кунларда юрак ритми бузилиши билан боғлиқ операцияни муваффақиятли амалга оширди.

Самарқанд тарихида илк бор, шундай мураккаб тиббий амалиётни амалга ошираётган шифокорлар журналистларга интервью беришда шунчалик ҳаяжонланишдики, айниқса, микрофон қаршисида гапиришдан кескин бош тортишди.

«Жарроҳлик бўлса, ҳар қандай вазиятда тайёрмиз, аммо микрофонга гапириш…» дея бош чайқаб қўйишади бу қаҳрамонлар. Юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга бел боғлаган, Москвада аниқ иш жойларидан воз кечиб, юртдошларимизга кўмак берамиз, дея келган бу шифокорлар ҳақиқатан ҳам қаҳрамонларга менгзагулик.

Гулруҳ Мўминова.