Самарқанд туманида дам олиш масканлари кўп, аммо...

Айни ёзнинг жазирама иссиқ кунларида одамлар тоғ этакларида, соя-салқин жойларда ҳордиқ чиқаришни истайди. Самарқанд туманидаги айрим маҳаллаларда сайёҳларнинг дам олиши учун етарлича имкониятлар бор.

Туманнинг Миронқул маҳалласи марказидан оқиб ўтувчи сой бўйида ташкил этилган дам олиш масканларида сайёҳларга хизмат кўрсатиш кўнгилдагидек бўлгани учундир, ҳудуд дам олиш кунлари бўлмаса ҳам меҳмонлар билан гавжум. Ҳар бир масканда оилавий ёки жамоавий дам олиш учун шароитлар яратилган. Сўрилар, эркаклар, аёллар ва болалар учун алоҳида бассейнлар, арғимчоқлар, етарлича идиш-товоқлар сайёҳлар хизматида.

- Табиати гўзал, сайёҳлар эътиборини тортадиган ҳудудда яшаётганимиз ютуғимиздир, - дейди маҳалла раиси Меҳрож Султонов. - Тоғ этагида жойлашган қишлоқ аҳолиси азалдан самимий, меҳмондўст одамлар. Улар шу пайтга қадар ҳам сайёҳларга хизмат кўрсатган, аммо тадбиркор сифатида қонуний рўйхатдан ўтмаган эди. Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва тадбиркорлар учун берилаётган имтиёзлар ўз самарасини бера бошлади. Бугунги кунда маҳалламизда 13 та дам олиш маскани қонуний фаолият олиб боряпти. Улардан бири тадбиркор Азиз Баҳриддиновга тегишли бўлиб, бу ерда бир кунда 200-250 нафар меҳмон 18 та сўрида дам олиши учун зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, меҳмон-уйлари ҳам ташкил этилган бўлиб, олис ҳудудлардан келаётган сайёҳлар учун тунаш имконияти ҳам мавжуд. Ҳар бир дам олиш масканида қишлоқнинг 4-5 нафардан фуқароси иш билан банд.

Бу яхши албатта, аммо...

Туманнинг Ўрта Оҳалик маҳалласида ҳам сайёҳларнинг табиат қўйнида дам олишлари учун етарлича имкониятлар бору, ундан унумли фойдаланилмаяпти. Сабаби, бу ҳудуддаги дам олиш масканлари фақат ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларидагина фаолият олиб борар экан.

- 6 сотихлик томорқамизни дам олиш масканига айлантирганимизга 10 йил бўлди, - дейди ёш тадбиркор Савриддин Жумаев. – 2 йилдан бери тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиб келяпман. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 30 кишини қабул қилишимиз мумкин. Шунингдек, ўн ўринли меҳмон-уйимиз ҳам бор.

Маҳаллада бўлиб, бу каби дам олиш масканлари анчагина эканлигига гувоҳ бўлдик, аммо уларнинг нечтаси қонуний фаолият олиб бораётганига аниқлик киритолмадик. Ҳатто маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ҳам ҳудудда қанча дам олиш маскани борлигини аниқ билмас экан.

Бундан ташқари, ҳудудда чиқинди қутиларига кўзимиз тушмади. Шунинг учун бўлса керак, сойга яқин жойларда дам олувчилар томонидан ташлаб кетилган, турли ичимлик идишлари, полиэтелин пакетлар ёйилиб ётибди.

Бу каби муаммоларга мутасаддилар эътиборли бўлса, Ўрта Оҳаликда ҳам туманнинг бошқа маҳаллаларидаги каби туристик масканлар сони ортиши, меҳмонлар сафи кенгайиши шубҳасиз.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).