Самарқанд туризм академияси ташкил этилди
Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган академиянинг очилиш маросимида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ҳамда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, бугун якунига етган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясининг тадбирларида 140 давлатдан келган делегатлар, туризм вазирлари ва туризм маъмуриятлари раҳбарлари, шу соҳада фаолият кўрсатаётган йирик компаниялар вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Бош ассамблея сессияси доирасида Самарқандда глобал инвестиция форуми ва кўргазмаси, илк бор глобал таълим форуми ўтказилди. Мазкур тадбирларда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби, ташкилотга аъзо давлатлар туризм вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.
Тадбирлар якуни бўйича ўтказилган йиғилишларда сессия ва форумлар юксак савияда ташкил этилгани таъкидланди. Муҳокама этилган масалалар ва уларнинг якуни бўйича эришилган келишувлар бутун дунёда туризмни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш, соҳага йўналтириладиган инвестициялар миқдорини кўпайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Халқаро форум иштирокчилари 20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган Туризм академиясининг очилиш маросимида қатнашди.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ҳамда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов мазкур академия туризм соҳасида сифатли таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Академияда туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ва техникумлар талабалари амалиёт ўташи, сайёҳларга турли хизматлар кўрсатилиши мумкин. Шунингдек, бу ерда миллий ҳунармандлик буюмлари ва ранг-тасвирий асарлари кўргазма-савдолари ташкил этилади.
Халқаро форум иштирокчилари “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ҳам бўлиб, таълим муассасасининг соҳа учун кадрлар тайёрлаш имкониятлари билан танишди.