Самарқанд ва Сичуань ҳамкорлиги ривожланади

Самарқанд шаҳрида маҳаллий ишбилармонлар ва Хитойнинг Сичуань провинцияси тадбиркорлик субъектлари иштирокида бизнес форум ўтказилди.

Тадбир аввалида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов ҳамда Сичуань провинцияси савдо-саноат палатаси ташқи савдо ва инновациялар департаменти бошлиғи Йин Жиаҳуи хоним барча соҳаларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритиб, форум ишига муваффақият тилади.

– Давлатимиз раҳбари шу йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Хитойнинг бир қатор минтақалари раҳбарлари, йирик компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилганди, – деди Ф.Абилов. – Жумладан, Сичуань провинцияси раҳбариятида билан мулоқотларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришгандик. Мазкур бизнес форум ана шу келишувларимизнинг дастлабки амалий қадами ҳисобланади ва бу икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонамиз.

– Ўзбек халқидаги сингари бизда ҳам “узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши” деган мақол бор, – деди Йин Жиаҳуи хоним. – Ўзбекистон биз учун яқин қўшни мамлакат ва бу давлат билан ҳамкорликдан манфаатдормиз. Кейинги йилларда давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати туфайли минтақалар ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Бунинг натижасида 140 миллион аҳоли яшайдиган Сичуань провинциямиз ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 2022 йилда 5,5 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилда бу рақам яна ҳам ошиши кутилмоқда. Самарқандга бу гал 26 та йирик корхона ва компаниялар вакиллари билан бирга келганмиз. Улар орасида энергетика, кончилик, қурилиш, саноат соҳалари вакиллари бор. Бир нечта тайёр лойиҳалар билан келган тадбиркорларимиз ҳам кам эмас. Бизнес форумдан ташқари, вилоят раҳбарияти, маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқчимиз, корхоналар фаолияти билан танишамиз. Ўйлайманки, бу тадбирлар икки ва кўп томонлама муносабатларимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Бизнес форумда Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлиги, туристик имкониятлари, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказилди. Ўз навбатида сичуанлик тадбиркорлар, йирик компаниялар вакиллари ўз фаолияти бўйича маълумот бериб, ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларини тақдим этди.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг таъкидлашича, кейинги пайтда Самарқандга келаётган туристлар орасида хитойликларнинг улуши ошиб бормоқда.

– Пандемия тугаган  дастлабки вақтларда Хитойдан 2 минг нафар сайёҳ келган, – деди Р.Қобилов. – Уларнинг ҳам минг нафарга яқини тадбиркорлар ҳисобланади. Бу йил эса, шу пайтгача Хитойдан 14,5 минг нафар сайёҳ вилоятимиз меҳмони бўлди. Албатта, улар орасида ишбилармонлар кўп. Лекин кейинги пайтда фақат саёҳат учун юртимизга келаётган хитойликлар сони ошиб бораётгани қувонарли. Яқин орадаги бу мамлакатнинг кўплаб минтақаларидан Самарқандга тўғридан-тўғри авиапарвозларни йўлга қўйиш кутилмоқда.

– Ўзбекистондаги элчихонамиз ҳузурида очилган бизнинг ташкилотимизнинг мақсади икки мамлакат тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида кўприк вазифасини ўташ, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди Ўзбекистондаги Хитой компаниялари савдо-саноат палатаси ижрочи раиси Луи Юй. – Кўп тармоқлимиз ва турли соҳаларда ишлайдиган тадбиркорларга амалий ёрдам берамиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда хитойликлар билан ҳамкорлик ташкил этилган 2000 дан ортиқ корхона фаолият олиб бормоқда. Булар асосан нефть- газ, темирйўл, қишлоқ хўжалиги, металлургия, тиббиёт, ахборот технологиялари соҳаларига тўғри келади. Тадбиркорлар бизнинг кўмагимиздан миннатдор. Ўз навбатида давлат раҳбарлари ҳам ассоциациямиз хизматларини эътироф этишган. Менга Ўзбекистон, бу ердаги бизнес муҳити ёқади, буни тадбиркорларимизга ҳам қайта-қайта айтаман. Самарқандни жуда яхши кўраман. Шунинг учун бизнинг қурувчиларимиз янгидан бунёд этиладиган Ширин массиви қурилишида иштирок этмоқчи.

Бизнес форум доирасида В2В ва G2В учрашувлари ўтказилди.

Сичуанлик тадбиркорларнинг Самарқандга ташрифи давом этмоқда. Меҳмонлар вилоятда фаолият олиб бораётган йирик ишлаб чиқариш корхоналари, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиши кўзда тутилган.