Самарқанд – вайроналар ўрнида қайта ростланаверган

1901 йил Парижда нашр этилган асарда муаллифларнинг Москвадан Самарқандгача бўлган масофани рус темирйўли бўйлаб босиб ўтгани, турли халқлар ва уларнинг яшаш шароитлари, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий обидаларнинг аянчли аҳволи ҳақидаги таассуротлари ҳикоя қилинади. Китобда айрим баҳсталаб маълумотлар ҳам учрайдики, бу китоб қимматига ўз таъсирини кўрсатмайди. Кенг китобхонлар оммасини мана шундай адабиётлар билан таништириш мақсади юзасидан асардаги айрим ҳикоялар намуналарни эътиборингизга ҳавол этишга қарор қилдик.

…Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбида Афросиёб деб аталадиган кимсасиз тепалик мавжуд. Бу тепалик қадимий шаҳарнинг бешиги ҳисобланади. Зеро унинг замини асрлар давомида бири иккинчисидан кейин мавжуд бўлган маданий қатламлардан иборат. Қадим Самарқандда Рим сув қувурларидан қолишмайдиган ажойиб ерости «қўрғошин қувурлари» қурилган. Шаҳар оташпарастларнинг муқаддас китоби «Авесто»нинг бир қисми бўлган «Зинд-авесто»да тилга олинган Туроннинг афсонавий ҳукмдори Афросиёб номи билан аталган. Милоддан аввалги IV асрда Самарқанд Искандар Зулқарнайн бошчилигидаги юнон-македон қўшинлари томонидан забт этилади. Искандар ўлимидан сўнг Мароқанд саркарда Салавка ва унинг авлодлари қўлига ўтади. Эрамиздан аввалги 256 йилда уларнинг ноиби Диодот исён кўтариб, Юнон-Бақтрия давлатига асос солади. Орадан юз йил ўтиб шаҳар Парфия шоҳи Митридат I қўлига ўтади.

Буюк Ипак йўли мазкур шаҳар орқали ўтган ва унинг ривожида муҳим рол ўйнаган. Эрамизнинг I асрида Самарқанд Суғдиёна ва Бақтрия тарихида Буюк Кушон давлати сифатида ном қолдирган йирик давлат таркибига кирган. Милодий III-IV асрларга келиб, бу салтанат инқирозга юз тутади ва жангари кўчманчи қабила эфталитлар таъқибига дош беролмайди. Ўз навбатида VI асрга келиб эфталитлар туркий қабилалар томонидан сиқиб чиқарилган. Ҳукмдорлар ва сулолалар алмашинувига қарамай Самарқанд нафақат Марказий Осиё, балки бутун Шарқ иқтисодий, сиёсий-маданий ҳаётида муҳим ўрин тутишда давом этган.

Ўз даврида гуллаб яшнаган бу шаҳарни VIII асрда араблар истило қилган бўлса, 1220 йилги мўғул тўфони бутунлай вайрон қилди. Кетма-кет ҳужумлар натижасида қалъа деворлари қулади, шаҳарни сув билан таъминлаб турган қўрғошин сув қувури бузилди, жомеъ масжиднинг кули кўкка совурилди. Тинч аҳоли эса ғаним камонбозларининг тирик ўлжаларига айланди. Сувсиз қолган шаҳарда ҳаёт сўнди. Лекин XIV аср бошида шаҳри дарун ва шаҳри берунда ҳаёт аста-секин изга тушди.

XIV асрнинг биринчи чорагида марокашлик машҳур сайёҳ Ибн Баттута Самарқандга ташриф буюради. 1325 йилдан 1350 йилгача у Мисрни ва бутун Осиёни айланиб чиқади. Унинг хотираларида Самарқанд оғир талафотлар оқибатини тугатаётган шаҳар сифатида гавдаланади. Баттутанинг таъкидлашича, «Самарқанд дунёнинг энг йирик ва энг гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бироқ шаҳар аҳолисининг юксак ақлу-заковатидан дарак бермиш саройлар ва иморатлар ҳамда кўплаб маҳаллалар вайрон қилинган. Қалъа деворлари ва дарвозалари бузиб ташланган бўлса-да, унинг боғларини суғориш учун кўплаб сув иншоотлари бунёд этилган».

Дарҳақиқат, А.Дюрьо ва Р.Фувеллар XIX асрнинг охирида Самарқандга поездда келаётганда Зарафшон дарёсини кўради. Зарафшон дарёси Самарқанд минтақаси учун муҳим оби-ҳаёт манбаи ҳисобланган. Зарафшон форсийча сўз бўлиб, «тилла ташувчи» деган маънони беради. Страбон унга «Политимет» деб ном берган.

«Яхши сақланган Самарқанд» атамаси бежизга қўлланилмаган. Чунки шаҳар Искандар Зулқарнайндан то Чингизхонгача бўлган ҳукмдорлар ва уларнинг қўшинлари томонидан вайрон этилса-да, ҳар сафар вайроналар ўрнида қайта пайдо бўлавераркан.

Чингизхон оламдан ўтгач, Самарқанд унинг ўғли Чиғатой ва ундан кейинги фарзандлар мулкига айланади. Бу даврдаги шаҳар тарихи ҳақида деярли маълумотлар йўқ.

Амир Темур Самарқандга Ибн Баттута сафаридан қирқ беш йил кейин кириб келди. Соҳибқирон минглаб ваҳший амалдорлар, азму шижоатсиз хонлар ўртасида пароканда қилинган Мовароуннаҳр тахтига даъвогар сифатида майдонга чиққанида эндигина ўттиз тўрт баҳорни қаршилаган эди. У на шаҳзода ва на қудратли ҳоқоннинг меросхўри, балки оддий бир уруғ бошлиғининг ўғли бўлганлиги учун ҳам бу ўлка тахтига ғанимларни енгибгина ўтирди. Унинг дастлабки қилган иши юртнинг барча бошлиқларини Самарқанд яқинига тўплаб (баъзи манбаларда Балх шаҳрида, аслида ҳам шундай), қурултой ўтказиш бўлди. Бундай катта йиғинлар мўғул ҳукмдорлари томонидан уюштирилар ва уларда бўлажак жангларга тайёргарлик масалалари муҳокама килинарди. Деярли барча амирлар таклифни қабул қилишди, улар муносиб тарзда рағбатлантирилдилар. Бироқ қурултойга келмаганлар исёнкор деб ном олди ва кейинчалик шунга лойиқ жазоландилар. У мўғуллар ҳукумронлиги даврини қўмсаганлар учун қўшинда Чингизхон томонидан тузилган коидалар - «Ясоқ»ни сақлаб қолди. Амир Темур Чингизхон авлодидан бўлмиш шаҳзода Суюрғатмишни тахтга ўтқазиб, ўзини унинг лашкарбошиси деб эълон қилди. Аслида эса хон барча масалаларда унга итоат қиларди. 1370 йилдан 1405 йилгача бўлган даврда Соҳибқирон Амир Темур Эрон, Ироқ ва Туркистонни забт этди, Сурия, Ҳиндистон ва Ўрусияни бўйсундирди, Туркияни мағлубиятга учратди. Дамашқ, Бағдод ва Деҳлида зафар қучди, замонасининг энг моҳир жангчилари бўлмиш мўғуллар, мамлуклар ва яничарларни маҳв қилди. Европада Тамерлан (форсча Темурланг - Оқсоқ Темур) номи билан маълум бўлган Амир Темур ўттиз беш йилга яқин вақт ичида Осиёни тиз чўктирди.

Муалифларнинг фикирича, тарихан қисқа умр кўрган буюк салтанат барпо этди. Аслида, Амир Темур беш аср мобайнида аввал Мовароуннаҳрда, сўнг Хуросонда, ундан кейин Ҳиндистонда мавжуд бўлган салтанат асосини барпо этган эди. У салтанатнинг биринчи пойтахти Самарқандни тенгсиз меъморий обидалар билан безатди. Ҳарбий юришларида нафақат беҳисоб бойликларни қўлга киритди, шунингдек, текин ишчи кучи ҳисобланган кўплаб асирларни, асосийси, тажрибали меъморлар ва қурилиш ишининг моҳир усталарини Мовароуннаҳрга олиб келишга эришди. Бу даврга келиб Марказий Осиё меъморчилиги Эрон, Озарбайжон, Ҳуросон, Хоразм меъморчилиги билан бирлашган ҳолда ўз тараққиётининг юқори чўққисига кўтарилди ва у ўзининг ғоявий улуғворлиги, уни рўёбга чиқаришдаги мукаммаллиги билан ажралиб турди.

1371-1372 йилларда Амир Темур фармони билан Самарқанд ҳисорининг ғарбий қисмида, табиий тепаликда қалъа барпо этилган бўлиб, қалъа ичида маъмурий бинолар, қуролсозлик устахоналари, аслаҳахона, хазина, қамоқхона (зиндон) жойлашган эди. Бинолар ичида Кўксарой - Амир Темур саройи ўзининг улуғворлиги билан алоҳида ажралиб турарди. У тўрт қаватли бўлиб, унинг ташқи безагида кўк-зангор кошиннинг кенг қўлланилганлиги учун Кўксарой деб аталган. «Талари Темур» деб аталувчи Амир Темурнинг қабулхонаси ҳам шу ерда жойлашган эди. Бу залда Усмонлилар салтанати пойтахти Бурссадан Амир Темур фармони билан олиб келинган Кўктош ҳам бор эди. Бу Кўктош кейинчалик Бухоро амирлигида амирларнинг тахтга ўтириш маросимларида ҳам фойдаланилган. Қалъа ичидаги иккинчи сарой мевазор боғда жойлашганлиги учун Бўстонсарой деб аталган. Иккала сарой ҳам, шунингдек, қалъа ичидаги бошқа барча иморатлар хам бизнинг давримизгача сақланмаган. Француз сайёҳлари А.Дюрьо ва Р.Фувеллар Самарқандга ташриф буюришганида қалъа ва бошқа иморатлар аянчли ҳолда бўлса-да, ҳали мавжуд эди.

Шаҳр (Шаҳрисабз)даги Оқсарой Амир Темурнинг девони жойлашган сарой ҳақида тасаввур беради. Оқсарой номи унинг оқ рангда бўлганлигидан бўлса эҳтимол, лекин «оқ» атамасининг кўчма-улуғвор, салобатли маънолари ҳам мавжуд. Сарой қурилиши 1380 йилда бошланиб, 1386 йилгача давом этган, лекин пардозлаш ишлари 1404 йилгача амалга оширилган. Булардан ташқари, Амир Темур фармони билан Шоҳи зинда меъморий мажмуасида бир неча мақбаралар, Бибихоним (Сароймулкхоним хон авлодидан бўлганлиги, латофати ва оқилалиги туфайли саройдаги биринчи хоним, Амир Темурнинг суюкли рафиқаси эди) номи билан аталувчи масжид, суюкли набираси, тахт вориси бўлган Муҳаммад Султон учун улуғвор мақбара (вафотидан сўнг Амир Темур ҳам бу мақбарага дафн этилган), Самарқанд шаҳри атрофида ўн тўртта боғ-саройлар, Туркистон (Ясси шаҳри)да Хўжа Аҳмад Яссавийга бағишланган меъморий мажмуа (бу бино Ҳазрати Темур масжиди деб аталиб, Амир Темур фармони билан 1404 йилда форс меъмори Хўжа Хусайн томонидан қурилган) ва бошқа меъморий обидалар барпо этилди.

Амир Темурнинг қурувчилик фаолияти унинг вафотидан сўнг Мовароунаҳрда набираси, буюк фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбек томонидан давом эттирилди. Мирзо Улу²бек хукмдорлиги даврида барпо этилган обидалардан Самарқанд шаҳрида Улуғбек мадрасаси, Бухоро ва ¢иждувон шаҳарларидаги мадрасалар, Шаҳрисабздаги Гумбази Сайидон мақбараси ва Кўк Гумбаз масжидлари сақланиб қолган.

Француз адабиётида Бабер исми ном қозонган (аслида «Бобур» (Йўлбарс) номи билан тарихга кирган) Заҳириддин Муҳаммад Бобур - Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳнинг чевараси бўлмиш Андижон ҳукмдори Умаршайхнинг ўрнига тахтга ўтирганда атиги ўн икки ёшга тўлган эди. Самарқанднинг сўнгги темурий ҳукмдори бўлмиш амакиси оламдан ўтиши оқибатида у ҳам тахт даъвогари бўлиб чиқди. У Самарқандни қўлга киритганида бағоят ҳурсанд эди. Аммо энди Самарқанд «Шарқ дурдонаси» ҳам, «фаровон» ва «осуда маскан» ҳам эмас, аксинча қисман вайронага айланган, очарчилик ҳукм сураётган ва бор йўғидан ажралган шаҳар эди, холос. Шу тариқа Бобур Самарқандни яна икки бор эгаллаб, яна ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Сўнгги бор Шайбонийхон таъқибидан қочиб, аввал Афғонистонга, сўнг Ҳиндистонга юриш қилади. Бобоси Амир Темур каби Бобур ҳам Ҳиндистонда буюк салтанат - Бобурийлар (Европа адабиётида - Буюк мўғуллар) салтанатини барпо этди. Бобур туфайли Ҳиндистонда уч юз йилдан ортиқ вақт ҳукмронлик қилган сулола томирларида улуғ Амир Темур қони оқарди. Буюк Бобурийлардан кўпчилиги машҳур ҳукмдорлар сифатида тарихга кирди.

Хуллас, Чор Россияси босқини сабаб Самарқандга кириб келган рус темирйўли бўйлаб саёҳат қилган европалик адиблар, журналистлар ва сайёҳлар Амир Темурни, темурийларни, Самарқандни, унинг аҳолисини, тарихий обидаларини қайтадан кашф қилишди. Улар сайёҳатлари давомида фотоальбомлар, мақолалар ва китоблар яратди, асарларида бу юрт фуқаролари, уларнинг кундалик ҳаёти, яшаш шароити, урф-одати, тилида ишлатиладиган сўз ва атамалар, уларнинг маънолари, руслар босқини ва генерал губернаторлик тузуми ҳақида муҳим маълумотларни кенг ёритиб бердилар.

Нурали УСАНОВ,

Ўзбекистон маданияти тарихи Давлат музейи тарих ва этнография бўлими катта илмий ходими.