Самарқанд вилоят прокурорлари секторлари томонидан 2019 йилда аҳолининг 12 мингдан ортиқ муаммоси бартараф этилган
Бугунги кунда Самарқанд вилояти прокурорлари секторларидаги ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш ва уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят прокурорлари секторлари 290 та фуқаролар йиғини ҳудудидаги 158 603 та хонадонда истиқомат қилувчи 1 004 703 нафар фуқаронинг турмуш тарзини, оилавий шароитини, уларнинг ижтимоий муҳофазаси, уй-жой ва коммунал шароитларини яхшилаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
Бунинг учун прокурорлар секторлари ҳудудида 64 та кичик гуруҳ ташкил этилиб, уларга 362 нафар ходим (мутахассис) жалб этилган.
2019 йилда ушбу кичик гуруҳлар томонидан аҳоли хонадонларига уйма-уй юриш давомида аниқланган 12 213 та муаммо бартараф этилган.
Хусусан, Ургут тумани Хўжайдуқ маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 60 та эҳтиёжманд хонадонларга жами 165 килограмм гўшт, 5 килограмдан ўсимлик ёғи, 2,5 килограмдан гуруч, 2,5 килограмдан шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, ҳар бирига 100 минг сўмдан пул маблағлари ва 5 литрдан суюлтирилган маиший газ баллонлари тарқатилган.
Туманнинг Кенагас ҳамда Мерганча МФЙларини бирлаштириб турувчи 17 километр автомобиль йўли таъмирланиб, асфальт қопламаси ётқизилди.
Пайариқ тумани Ғаллакор МФЙда 392 нафар, Кўлтўсин МФЙ Довтепа қишлоғида 437 нафар ҳамда Накурт МФЙда 457 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Пахтачи тумани Истиқлол МФЙ ҳудудидаги истироҳат боғида 50 нафарга яқин китобхон фойдаланиш имкониятига эга бўлган замонавий кутубхона мажмуаси ҳамда кутубхонанинг ёнида 24 ўринли “Интеллект” номли тил ўрганиш ўқув маркази ташкил этилган.
Шу билан бир қаторда, вилоятдаги ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган 6 173 та муаммо бартараф этилган.
Масалан, Пахтачи тумани Зарафшон МФЙ ҳудудидан ўтувчи Нарпай каналининг устида пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган, узунлиги 8 метр бўлган кўприк ҳашар йўли билан қайта таъмирланган.
Пайариқ тумани Накурт МФЙда маҳаллий маблағлар ҳисобидан 438 миллион сўм ажратилиб, янги ва барча шарт-шароитларга эга тез тиббий ёрдам шохобчаси қуриб фойдаланишга топширилган.
Вилоятнинг туман ва шаҳар прокурорлари секторлари раҳбарлари томонидан тадбиркорлар билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар, амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Бу борада 360 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 700 га яқин қўшимча иш ўринлари яратишга эришилди. Шунингдек, 32 нафарига 218 гектар ер майдони, 250 нафарига кредитлар ажратилиши, 140 нафарига бошқа амалий ёрдамлар кўрсатилиши таъминланди. 100 дан ортиқ ишламаётган тадбиркорларнинг фаолияти тикланган.
2-сектор ҳудудидаги экспортёр корхоналар томонидан 2019 йилда 16 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, прогноз кўрсаткич 117 % га бажарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик, енгил жиноят содир этганлиги учун ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турган 536 нафар вояга етмаганлар билан тушунтириш, тарбиявий ишларни олиб бориш, хулқ-атворида ижобий ўзгариш кузатилган вояга етмаганларни профилактик ҳисобдан чиқариш мақсадида мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Қолаверса, вилоятдаги прокурорлар секторларида ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этишга қаратилган “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси юзасидан секторлар раҳбарларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилган.
Бундай ижобий ишларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин.