Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов: Имзо – раҳбарнинг шаъни
Бу бор гап, шунинг учун ҳам ҳар бир шахс ўзининг қоғозга тушадиган шахсий имзосининг чиройли, бежирим, эътиборли бўлишига интилади.
Имзо – шахсий ҳужжат. Бировнинг номидан имзо қўйиб юбориш жиноят ҳисобланади. Демоқчиманки, давлат томонидан шахс имзосининг ҳимояси қонун йўли билан кафолатланган.
Бинобарин, имзо – шахсий масъулият ҳам. Бирор ҳужжатга имзо қўйган киши матндаги ҳар бир сўз учун жавоб бериши ҳам зарур.
Минг афсуски, жойлардан келаётган маълумотномалар, қарор ва буйруқларни ўрганганимда уларнинг муайян қисмида имзолар ҳеч қандай масъулиятсиз, матнни ўқимасдан, раҳбар ҳузурига олиб келган шахс “кафолати”га ишониб чекиб юборилганини кўраяпман. Натижада жуда кўплаб бундай ҳужжатларни бекор қилишга имзо чеккан кишини жазолашга тўғри келаяпти. Ҳужжатларни ўрганмасдан туриб, нотўғри имзо чекиб юборган раҳбарлар бугун қонун олдида жавоб бермоқда.
Демоқчиманки, ҳар бир киши оддий фуқароми, раҳбарми, қатъий назар, ҳужжат остига имзо қўйишдан аввал матнни синчиклаб ўқиб чиқиши лозим. Негаки имзо раҳбарнинг масъулияти ва маданияти савиясини кўрсатиб туради.