Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси бош архитектор “Бобир Элмурадовнинг давлат мулкини талон-торож қилганликда гумонланаётгани” юзасидан баёнот берди
Ижтимоий тармоқларда ҳамда интернет сайтларида Самарқанд вилояти бош архитектори Бобир Элмурадов давлат мулкини талон-торож қилишда гумонланиб қўлга олинганлиги, у гаров эвазига озод қилингани юзасидан тарқалган хабарларга Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси баёнот берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги “2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 10-банди ижроси юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил
27 декабрдаги 2158-Қ-сонли қарорига кўра, “Samarqand city” туризм зонасини қуриш мақсадида (собиқ “Алпомиш” МЧЖ ҳудудидаги давлат захирасига олинган) 13,84 га. ер майдони ажратилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 октябрдаги
01-02/1-856 сонли баёни 7-бандида “Samarkand city” сайёҳлик ҳудудига туташ ҳудуддаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган турар ва нотурар-жой объектларини хатловдан ўтказиб, уларни белгиланган тартибда бузиш бўйича ишларни жадаллаштириш белгиланган.
Шунга асосан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 1 ноябрдаги 2093-Қ сонли “Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик потенциали ва шаҳарсозлик консепциясини ривожлантириш муносабати билан турар ва нотурар-жой бино-иншоотларни бузишга рухсат бериш тўғрисида”ги қарорига асосан Зебинисобегим кўчаси 58-манзилдаги 26 та хонадон бузилишга тушган.
Мазкур кўчада истиқомат қилувчи 26 та хонадон эгаларининг уйлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши мунособати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари доирасида махсус лицензияга эга бўлган “Voluation” МЧЖ баҳоловчи ташкилоти хулосаси асосида бузилишга тушган 26 та хонадоннинг умимий қиймати 7.5 миллиард сўмга баҳоланган.
Ушбу баҳолаш хулосаси бўйича вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги бузиладиган объектлар ўрнига фуқаролар ва юридик шахсларга тўлов миқдори масаласини кўриб чиқиш бўйича тузилган комиссиянинг далолатномасига асосан Самарқанд шаҳар молия бўлими томонидан ТИФ “Миллий банк” Самарқанд филиалида 26 нафар фуқаролар номига очилган пластик карта ҳисоб рақамларига тўловлар тўлиқ тўлаб берилган.
Самарқанд шаҳар Зебинисобегим кўчасидаги 58-манзилда жойлашган
26 та хонадонга 7.5 миллиард сўм товон пули тўлаб берилганлиги юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 9 нафар мансабдор шахслар айбдор, деб топилган. Улардан 4 нафарига нисбатан жиноят ишининг қисми Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддасига асосан ҳаракатдан тугатилган.
Жиноят иши бўйича “Afrosiyob Strоy Servis” МЧЖ раҳбари Камолиддин Шукуров, Самарқанд шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари, ҳозирги кунда Самарқанд вилоят бош архитектори Бобир Элмурадов, Капитал қурилиш дирекцияси собиқ бошлиғи Темур Халиқуловлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167, 205, 228-моддалари билан айбланиб, судга берилган. Тергов натижалари бўйича Б.Элмуродов ва Т.Халиқуловлар гумонланувчи ёки айбланувчи сифатида ушланмаган ва уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган. Мазкур иш бўйича фақатгина “Afrosiyob Strоy Servis” МЧЖ раҳбари Камолиддин Шукуров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Жиноят иши бўйича фуқаролар Акмал Аброров ва Шарофат Ҳақбердиеваларга ҳам айб эълон қилиниб, иш бўйича уларга нисбатан сиртдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бугунги кунда мазкур жиноят иши ЖИБ Самарқанд шаҳар судида судья З.Ахмедова раислигида мазмунан кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Қолаверса, Жиноят Кодексининг 4-моддаси қонунийлик принципи иккинчи хат бошига кўра, ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб, жиноят содир қилишда айбли деб топилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида Айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган бўлиб, унда шахснинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Бизнинг фикримизча, ҳар қандай суд мажлисини ОАВда тўғридан-тўғри ёритиш инсоннинг шахсий ҳаётига аралашишдир. Айни пайтда Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари дахлсиз ва олий қадрият экани кўрсатилган. Қолаверса, Жиноят процессуал кодексининг 17-моддасида “инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш таъқиқланади”, деб ҳам белгилаб қўйилган.
Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида “Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги” белгилаб қўйилган. Унда муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади, деб кўрсатилган.
Самарқанд шаҳридаги Зебинисобегим кўчаси 58-манзил билан боғлиқ иш юзасидан тафсилотларни интернет сайтлари ва блогерлар айбдорларнинг айби исботланганлиги ҳақидаги қонуний кучга кирган суд ҳукмидан сўнг оммавий ахборот воситаларида ёритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.