Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси кимдан, нимани яширяпти?
Бугун аҳолининг исталган ташкилотга, ўзига қулай бўлган шаклда мурожаат қилиши учун барча шароитлар яратиб берилди. Хусусан, мурожаат қилиш амалдаги қонунчилик бўйича ёзма ва шу билан бирга оғзаки тарзда бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, электрон мурожаат ҳам ҳуқуқий характерга эга ва унга тегишли идора томонидан жавоб қайтарилиши шарт. Амалда ҳамма жойда ҳам шундай бўлаяптими?
- Ассалому алайкум, ака! "Зарафшон" газетасидан Ёқубман.
Бошқармага ўтган йили бўлган мурожаатлар таҳлилини қилиб берайлик.
Нечта мурожаат келди. Энг кўп қайси туманлардан. Қайси масалалар очиқ қолиб кетди? Бунга сабаблар...
- Ҳозир, курайчи.
- Олдиндан раҳмат!
Бу вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишловчи ходими билан бўлган дастлабки суҳбатимиз.
- Ака, 2019 йилда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ордер сўраб қилинган мурожаатларнинг сони ва ижроси ҳақида маълумот беринг.
6 январдан 9 январгача телеграм мессенжери орқали бўлган суҳбатларимиз шу тарзда давом этди. Бугун-эртага, деган жавоблар 24 январь куни “раҳбаримиз ёзма мурожаат қилса, маълумот беринглар деди”, тарзида ўзгарди.
Ваҳоланки, 351-модда. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови - оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Бошқарма бошлиғи ва тегишли ходимга шу каби қонун нормаларидан ҳавола келтириб, телеграм мессенжерига ташладим. Шундан сўнг ўртага сукунат чўкди. Афсуски, бу ҳолатни мен маълумот тайёрлаётган бўлиши мумкин, деб хато ўйлаган эканман. Негаки, 29 январда бошқарманинг ахборот хизмати ходимига боғланиш рақамларини телеграм мессенжеримга ҳавола қилишди.
Шу топда ўйланиб қолдим: Мен шахсий масалада мурожаат қилмадим. Сўралаётган маълумот давлат сирига тааллуқли эмас. Унда нима учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва бошқарма ходимлари ўтган йили бошқармага қанча мурожаат келиб тушди-ю, унинг қанчаси ижро қилинди, қанча мурожаат ҳал этилмай қолди, деган саволга жавоб беришни хоҳламаяпти? Сабаб, муаммо нимада? Бунга қонунда бирон бир чеклов бўлмаса, унда нимани ва кимдан яширишмоқчи?
Очиқлик, шаффофлик вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси учун бегонами? Ёки улар давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат моҳиятини тушуниб етмадиларми? Бюрократияга чек қўйиш, ошкора иш олиб бориш ва энг асосийси соҳада олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммоларни қачонгача яшириш мумкин?
Айнан шунинг олдини олиш учун ўнлаб қонунлар қабул қилинганини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларига ким тушунтиради?
Саволлар бисёр. Ўйламизки, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси уларга албатта, жавоб қайтаради.
Ё.ГАДОЕВ.