Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга 1 миллиард 600 миллион сўм тўлаб берилди

2023 йил январь-июнь ойларида “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида республика бўйича 68 129 та мурожаат келиб тушган.

Булар:

- харид чеки бермаслик;
- тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
- пластик карта учун харид суммасини ошириш;
- бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича.

Мурожаатларнинг 38 867 таси такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётганлиги сабабли қайтарилган.

Мурожаатлар асосида 25 623 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 100 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.

Самарқанд вилояти солиқ бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, вилоятдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 2023 йилнинг биринчи ярмида 3200 ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоиз) 1 млрд. 600 млн. сўм мукофот тўланган.