Самарқанд вилоятининг ёғ ишлаб чиқарувчи гигант корхонаси сотилмоқда
Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан давлат акция пакетларини “Тошкент” республика фонд биржаси орқали хусусийлаштириш тартиблари ҳамда “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамиятининг 64,92 фоиз давлат акция пакетларини сотиш ишларини жадаллаштириш бўйича тадбир ўтказилди.
Дастлаб Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида “Тошкент” республика фонд биржаси бошқарма бошлиғи Азамат Мадаминов тадбиркорларга акциядорлик жамиятлари, акцияларни назорат қилиш, облигациялар ва акция чиқариш, қимматли қоғозларни биржага жойлаштириш тартиблари ва шартлари бўйича тушунча берди.
Куннинг иккинчи ярмида журналист ва соҳа мутахассислари “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди. 1936 йилда ташкил этилган корхонада ҳозирда 703 нафар ходим меҳнат қилмоқда ва бу ерда кунига 500 тоннагача чигитни қайта ишлаш имконияти мавжуд. Жамиятда пахта ёғидан ташқари иккиламчи маҳсулот сифатида хўжалик совуни, чорвачилик хўжаликлари учун шрот, шелуха ҳам олинади. 2014 йилда Жаҳон банкининг МАR линияси орқали Европа давлатларидан 965 минг долларлик замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Замонавй ускуналар соатига 35 тонна буғ беради, бу эса хомашёни пишириб, тайёр ҳолга келтиради, олинадиган маҳсулотнинг сифатини оширади. 3 сменада иш ташкил этилган корхонада 2014-2018 йилларда Франция ва Хитойдан кунига 120 тонна ёғни қадоқлаш ускуналари келтириб ўрнатилган. Жамият маҳсулотларига талаб юқорилиги боис жорий йилнинг биринчи чорагида ички бозордан ташқари қўшни давлатлар – Афғонистон ва Тожикистонга 700 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бироқ корхонада кейинги йилларда иқтисодий самарадорлик пасаймоқда. Бунга сабаб нима?
- Бунга биринчи сабаб 2020 йилда чигитни нархи эркинлаштирилиб, биржа савдолари орқали харид қилинадиган бўлганида, - дейди “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти бош ҳисобчиси Бобур Муртазоев. – Бунинг устига пандемия даврида иш ўринларини сақлаш, иш ҳақи тўлаш топширилди. Корхонамиз мавсумий ишлайди, ёз ойларида тўхтайди. Яна бунгача 2200 сўм бўлган чигит 5800 сўмгача кўтарилди. Шуларнинг ҳисобидан хомашёнинг таннархи ошиб кетди.
Ушбу корхонада республикамизда ягона бўлган рафинация ускуналари ҳам ўрнатилган. Бу ускуналар орқали олинадиган ёғнинг сифат даражаси оширилади, истеъмолга хавфсизлиги таъминланади. Қолаверса корхонада Италия, Германия, Россия, Хитой, Франция ва бошқа давлатларнинг энг замонавий технологиялари ўрнатилган.
Ўктам Худойбердиев.