Самарқанд халқаро аэропортида етарли шароит яратилмаганига изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд халқаро аэропортининг вақтинчалик терминали олдида йўловчилар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги таъкидланган хабар тарқалди.

“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ маъмурияти мазкур ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

Хабарда қайд этилганидек, бугун Самарқанд халқаро аэропорти ҳудудида улкан бунёдкорлик ва модернизация ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, унинг янги лойиҳа асосида қурилаётган беш қаватли аэровокзали жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Муҳими, ҳудудда олиб борилаётган кенг қамровли қурилиш ишларига қарамай аэропорт ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Вақтинчалик аэровокзалда махсус ва бошқа авиақатновлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Албатта, жараён камчиликларсиз, дея олмаймиз. Бу айниқса, вилоятимизда ҳаво ҳароратининг кескин ошиб кетиши билан янада яққол намоён бўлмоқда.

Вақтинчалик аэровокзалда махсус ускуналар ёрдамида мўътадил ҳаво ҳарорати сақлаб турилган бўлса-да, у барча йўловчиларга бир вақтда хизмат кўрсатишга мўлжалланмаган. Карантин талабларидан келиб чиқиб, йўловчилар бинога навбат асосида киритилмоқда. Аммо рўйхатга олиш вақтида баъзи фуқароларнинг белгиланган тартибга бўйсунмай, навбатсиз рўйхатдан ўтишга уриниши оқибатида тартибсизлик келиб чиқмоқда. Аэропорт маъмурияти масъул ходимларни огоҳлантириб, жараёнда назоратни кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шунингдек, аэропортга эрта етиб келган халқаро рейс йўловчилари дарахтлар ости ва панжара ёнидаги сояларда рўйхатдан ўтишни кутишаётганлиги айтилган. Бу борада шуни маълум қиламизки, айни вақтда аэропорт ҳудудининг асосий қисмида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли вақтинчалик авиавокзал олдида рейсга эрта келган йўловчиларнинг кутиши учун жой ажратилмаган. Айни вақтда аэропорт маъмурияти мазкур муаммони мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ маъмурияти амалга оширилган ишлар ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.