Самарқандда 111 миллион сўмлик пиротехника воситалари савдосига чек қўйилди

Янги йил арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатларининг авж олиши, лаҳзалик “завқ” ортидан ташвишли ва ҳаттоки, қайғули ҳолатларнинг содир бўлиши байрамга ярашмайди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳамда вилоят Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида пиротехника воситаларини кўча-кўйда пуллаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.

Натижада, “KIA Carnival” русумли автомашинанинг юкхонасида фуқаро У.А.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 111 миллион сўмлик 56 172 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоят божхоначилари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланувига қарши курашиш йўналишида 12 та ҳолатда, қиймати 153 миллион сўмга яқин, жами 453 530 дона пиротехника воситаларининг савдосига чек қўйилди.

Ғайрат САТТОРОВ,

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи катта инспектори.