Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 13 вилоятнинг волейбол жамоалари кубок учун беллашмоқда

Жорий йилнинг 12-17 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасидаги XXVI Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилади.

Кеча мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Республика волейбол федерацияси ижрочи директори Ф.Алимов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ушбу спорт турининг янада оммалашаётгани, кучли жамолар сафи кенгаётгани, қолаверса, бу галги мусобақада илк бор республикамизнинг 13 та вилояти жамоалари майдонда ўз маҳоратларини синовдан ўтказаётганини эътироф этди.

Жамоалар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсга киришди. “А” гуруҳидаги баҳсларда Бухоро вилоятининг “Бухоро” жамоаси Жиззах давлат педагогика институтининг “ЖизДПИ” жамоаси устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шунингдек, жиззахликлар жамоаси шу гуруҳда ўйин олиб борган Тошкент шаҳрининг “Ориент” жамоасига ҳам ютқазиб қўйди.

“В” гуруҳида ўйнаган “Андижон” жамоаси “Навоий олимп” жамоасига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. “С” гуруҳида беллашган Самарқанднинг “Алоқа” жамоаси валейболчилари “Сирдарё” жамоасини 3:0 ҳисобида енгди. “D” гуруҳида яна бир самарқандликларнинг “СамДУ” жамоаси Фарғона давлат университетининг “Ёшлик” жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Фарғона вилоятининг “Қўқон” жамоаси, Навоий вилоятининг “Суғдиёна” жамоасига ютқазди.

Эслатиб ўтамиз: мазкур мусобақа 17 ноябрга қадар давом этади.

Мусобақа бўлиб ўтаётган манзил: Самарқанд давлат университети спорт зали (Самарқанд давлат чет тиллар институти биноси).

Ҳусан ЭЛТОЕВ.