Самарқандда 15 минг 343 педагог аттестациядан ўтказилади

2021 йилнинг март-апрель ойларида Самарқанд вилоятида педагог кадрларни малака тоифасини яхшилаш мақсадида 2095 нафар олий тоифага, 6037 нафар биринчи тоифага ва 7211 педагог иккинчи тоифага даъвогар сифатида тест синовларида иштирок этади. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш мақсадида бўлиб ўтадиган тест синовлари адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида барча чораларни кўрдик, - деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов. – Тест синовларида бировнинг ўрнига бошқаси киролмайди, базага ўқитувчиларнинг суратлари ва маълумотлари киритилган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган аттестация саволлари нотўғрилиги, педагогларимиз унга ишонмаслик кераклигини айтмоқчиман. Тест саволлари давлат таълим стандартлари асосида дарсликлардан тузилган.

Тест синовларини ўтказиш учун Самарқанд давлат университетида 100 та компьютерли хона тайёрланган. Жараён уч навбатда бўлиб ўтади, ҳар бир навбатда 100 нафардан педагог тест топширади. Тест синови якунида ўқитувчига ўзи олган балл маълум қилинади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.