Самарқандда 1700 дан зиёд ҳайдовчи лицензиясиз шуғулланган

Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида ташкил этилган қўшма рейд тадбирлари давомида 1722 ҳолатда автомобиль траспортида йўловчи ташиш ва юк ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ҳолатлари аниқланди.

Мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича Маъмурий жавобгарлик кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 1681 ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун маъмурий судларга юборилди. Судлар томонидан қоидабузарларга қарши 1 миллиард 361 миллион сўм жарима жазолари тайинланиб, жарималар тўлиқ ундирилди.

Шунингдек, йўловчи ташувчи корхоналар томонидан 185 та ҳолатда фаолият ҳудуди қоидаларини бузганлиги, 222 ҳолатда Вазирлар Маҳкамасининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда тендер гувоҳномаси, йўналиш схемаси мавжуд эмаслиги, белгиланган тарифдан юқори нархда хизмат кўрсатаётгани аниқланди. Мазкур лицензия талаблари ва шартлари бузилган ҳолатлар бўйича 12 корхонанинг йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензияси, 47 корхонанинг 58 та лицензияси варақаларининг амал қилишини 10 иш кунига тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Жумладан, «Азиз Галаботир», «Шахзод Зебо», «Бургут автосервис», «Раҳмонқул Ходжақул транс», «Бектемир Омад толер», «Анвар Галаботир транс сервис», «Шахруз транс», «Амирхон транс», «Архидея моторс» масъулияти чекланган жамиятларига тегишли йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш ҳуқуқиини берувчи лицензия варақаси, аҳолини микроавтобус ва автобусларда ташиш ҳуқуқини берувчи бош лицензияларининг амал қилиш муддати ўн кунга тўхтатилди.

Элдор МАВЛОНОВ,

вилоят транспорт бошқармаси  ахборот хизмати ходими.