Самарқандда 18 та АЁҚШда бензинни қиммат сотиш ҳолати кузатилди

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 декабрда қабул қилинган қарори билан 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун истисно тариқасида, акциз солиғини “ноль” ставкада қўллаш белгиланди.

Натижада АИ-80 русумли автобензин маҳсулотининг чакана нархи амалдаги нархларга нисбатан ўртача 8,7 фоизга камайди ва 13 декабрдан “Ўзбекнефтгаз”га қарашли ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини бир литри 5700 сўмдан сотила бошланди.

Аммо оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда айрим шохобчаларда ушбу маркадаги бензинни асоссиз равишда қиммат сотиш ҳолатлари, оғир вазиятдан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринган шахслар борлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу каби ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида кеча Самарқанд шаҳридаги АЁҚШларда бўлиб, АИ-80 русумдаги бензиннинг қанча нархда сотилаётгани билан қизиқдик.

– Тўрт кундан буён АИ-80 бензинни 5700 сўмдан сотяпмиз, талабга қараб, буюртма беряпмиз, – дейди Рудакий кўчасидаги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига қарашли шохобча раҳбари Тоҳир Зуҳуров. – Бугун ҳам 24 тонна бензин келтирилди ва ҳозир тарқатишни бошлаймиз.

Шу кўчадаги ҳамда Алишер Навоий шоҳкўчасидаги АЁҚШларда ҳам АИ-80 маркали бензин 5700 сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

– Мазкур қарор қабул қилиниб, биржада бензин нархи тушганидан кейин ҳам баъзи шохобчаларда АИ-80 бензини эски нархларда сотилаётгани кузатилди, – дейди “Ўзнефтгазинспекция” вилоят бўлими бошлиғи Икром Махсумов. – Лекин бу шохобчалар раҳбарлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, бензин нархини асоссиз ошириш ҳолатларининг олди олинмоқда. Айни пайтда вилоятимизда инспекциямиз, монополияга қарши курашиш, солиқ ва бошқа тегишли органлар ходимларидан иборат саккиз гуруҳ ташкил этилиб, нефть ва газ маҳсулотлари савдоси бўйича мониторинг ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Кечаги ўрганишлар давомида вилоят бўйича асосан, туманлардаги 18 та АЁҚШда маҳсулотни ушбу қарор чиқишидан олдин олганини рўкач қилиб, АИ-80 маркали бензинни қиммат сотиш ҳолати аниқланди. Шохобча эгалари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, улар огоҳлантирилди ва нарх 5700 сўм этиб белгиланди. Барча шохобчалар масъуллари белгиланган тартибга риоя қилмаса, қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.

И.Махсумовнинг маълум қилишича, бугунги кунда вилоятда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган 284 та АЁҚШ фаолият кўрсатмоқда. Улар биржа савдоларида қатнашиб, маҳсулот харид қилмоқда. Кейинги уч кун давомида биржа савдолари орқали 951 тонна АИ-80 маркали бензин шохобчаларга чиққан.

Бугунги кун ҳолатида вилоятдаги “Мароқанд нефть база” МЧЖда 1685 тонна АИ-80 маркали бензин захираси мавжуд.

Дарвоқе, кеча телеграм каналимиз обуначилари ўртасида “АИ-80 маркали бензинни қанчага оляпсиз?” деган савол билан сўровнома ўтказилган эди. Унда иштирок этган 1300 дан зиёд иштирокчининг 19 фоизи “5700 сўмдан олдим”, деган жавобни белгилаган. 39 фоизи сотилаётган автобензин “5700 сўмдан қиммат”, дея ҳисоблаган. 42 фоиз респондентларимиз эса “АЁҚШда бу маркадаги бензин йўқ”, деган жавобда тўхталган.

Шунингдек, айрим обуначилар телеграм каналимизнинг изоҳлар қисмига ўзлари гувоҳ бўлган ҳолатларни қолдиришган. Унга кўра, вилоятимизнинг айрим жойларидаги АЁҚШларда АИ-80 маркали бензин 6000 сўмдан, айрим шохобчаларда 6800-7000 сўмдан сотилаётганини ёзиб қолдирган.

Ғ.Ҳасанов.