Самарқандда 2 нафар ишчини тупроқ босиб қолишига тадбиркорнинг ўзбошимча хатти-ҳаракати сабаб бўлган

Бугун сайтимизда “Самарқанд шаҳрида қувурни таъмирлаётган 2 нафар ишчини тупроқ босиб қолди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилгандик. Самарқанд “Сувоқова” ДУК ушбу масалага муносабат билдирди.

Манбада таъкидланишича, ишчилар сув тизимидаги аварияни бартараф этиш чоғида, тупроқ босиб қолиш оқибатида ҳалок бўлган.

“Сувоқова” ДУК бу борада ўрганиш олиб борди. Аниқланишича, чиндан ҳам мақолада айтилганидек, ўлим билан боғлиқ ҳолат юз берган. Яъни, Боғимирзо маҳалласида яшовчи тадбиркор ўз ҳисобидан маҳалладаги тор йўлларни кенгайтириш ва асфальт ётқизиб, янги канализация тармоғини тортиш учун жорий йилнинг 9 ноябрь куни ёлланма ишчилар Қ.К ҳамда М.А.ларни шериклари билан Садириддин Айний кўчасидан кунлик мехнатга ҳақ тўлашини билдириб олиб келади.

13 ноябрь куни тахминан соат 11:30 ларда тортилган канализация тармоғи марказий қудуққа (колодецга) уланиш жараёнига етганда, бахтсиз ҳодиса юз берган. Шунда эни 70 сантиметр, чуқурлиги 2 метр қазилган жойда тупроқ девори қулаб тушган. Бунинг оқибатида ёлланма ишчиларни тупроқ босиб қолган ва ёлланма ишчилар Қ.К ҳамда М.А. ҳодиса жойида вафот этган.

Бу тармоққа уланиш учун эса тадбиркорда ҳеч қандай ҳуқуқий асос бўлмаган. Яъни, уланиш учун ҳужжатларга эга бўлмаган, техник шарт олинмаган. Барча қилинаётган ишлар тадбиркорнинг ҳисобидан амалга оширилган.

Ўрганишлар жараёнида бу ҳолатни расмийлаштирган ва гувоҳи бўлган ҳудуд профлактика инспектори билан ҳам суҳбатлашилди.

“Марҳумларнинг вафоти юзасидан олиб борилган экиспертиза хулосасига кўра, қорин ва кўкрак қафасининг қисилишидан ўлим ҳолати юзага келган. Марҳумларнинг оила аъзоларидан ҳеч қандай шикоят йўқ ва мавжуд ҳолат қасддан қилинмаган”, дейди прафилактика инспектори, катта лейтенант Шуҳрат Бекназаров.

Бундан кўринадики, содир бўлган бу воқеанинг “Сувоқава“ давлат унитер корхонаси ва унинг ишчи-ходимларига алоқаси йўқ.

Комилжон ЮСУПОВ,

Самарқанд вилояти “Сувоқава” ДУК директори.