Самарқандда 3 ойда 1239 нафар шахсга нисбатан 997 та жиноят иши кўрилган

Самарқанд вилоят судида 2021 йилнинг биринчи чорагида тергов фаолияти таҳлили, учраётган хато-камчиликлар муҳокамасига бағишланган семинар ўтказилди.

Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар ва бошқа органлар терговчилари иштирок этган тадбирда қайд этилишича, жорий йилнинг биринча чораги давомида вилоят судлари томонидан 1239 нафар шахсга нисбатан 997 та жиноят иши кўриб тамомланган. 705 та жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 256 та жиноят иши тугатилган.

134 та (179 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловлар ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган. Жумладан, 26 та жиноят иши бўйича модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, 24 та жиноят ишида модда қисми ёки банди олиб ташланган, 25 та жиноят иши бўйича бошқа моддага квалификация қилиниб, 72 та жиноят иши бўйича эса бошқа қисмга ёки бандга қайта квалификация қилиниб ҳукм чиқарилган. 11 та (15 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши жабрланувчи ёки унинг вакилининг илтимосномасига асосан Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибида қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун тегишли тергов органига юборилган.

– Давлатимиз раҳбари раислигида 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги ҳам қайд этилганди, – дейди Самарқанд вилояти суди судьяси Т.Қодиров. – Ҳақиқатан ҳам, баъзида тергов органлари томонидан ишларни юритиш давомида моддий ва процессуал қонун нормаларига ҳамда Олий суд пленуми қарорларида берилаётган тушунтиришларга амал қилинмаётганлиги ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун, Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддаси 4-қисмида, ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатлари видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланган. Аммо Жиноят кодексининг 168-моддаси “а” банди билан айбланган Ф.Э. га нисбатан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси катта терговчиси томонидан шахсни ушлаш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатлари баённомаларида юқоридаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги баён қилинмаган ҳамда ушбу баённомаларга видеоёзув материаллари илова қилинмасдан қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйилган.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг 2021 йил 29 январдаги ҳукмига кўра, М.И. ва бошқалар Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми “б” банди ва 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан судланган. Мазкур жиноят иши Ургут туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси катта суриштирувчиси томонидан олиб борилган. 2020 йил 16 октябрь куни у судланувчининг яшаш уйида тинтув тергов ҳаракатларини ўтказган бўлса-да, ушбу процессуал тергов ҳаракатини видеоёзув орқали қайд этмаган ва баённомада кўрсатмаган.

Вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, семинарда тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар батафсил таҳлил қилиниб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан фикрлашиб олинди.