Самарқандда 58 та бозор иш фаолиятини бошлади
Аҳолини кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида карантин даврида ҳам вилоятимиздаги деҳқон бозорлари фаолиятида деярли чекловлар кузатилмади. Фақат буюм бозорлари ишида узилиш бўлди.
Карантин чораларининг юмшатилиши билан 15 августдан бошлаб вилоятимиздаги 58 та деҳқон ҳамда буюм бозорлари ва савдо мажмуалари кириш жойлари дезинфекция йўлаги, антисептик воситалар билан таъминланиб, бозорлар фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. Ниқоб тақмаган фуқаролар бозорга киритилмаслиги чоралари белгиланди.
Дўконларга кириш жойлари, эшикларига плёнкалар ўрнатилиб, доимо дезинфекциялаб турилмоқда, савдо мажмуаларида ижтимоий масофа (2 метр) сақланиши ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши назорат қилинмоқда. Бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида радиоузеллар орқали аҳолини соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва ўз соғлиғига масъулият билан ёндошишга чорлайдиган даъватлар бериб борилмоқда. Бозорлар ва савдо комплексларида санитария кунлари ҳудудлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган кунларда, кучайтирилган тартибда ташкил этилиши белгиланган.
Акмал ҚУДРАТОВ,
Самарқанд вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси ўринбосари.