Самарқандда 61 нафар тиббиёт ходимларига 1,2 миллиард сўм тўланиши нега кечиктирилган?
Назаримда, бу савол ҳамон очиқ қолмоқда. Умуман, бу масалада саволлар жуда кўп. Бошқарма Соғлиқни сақлаш вазирининг 2 апрелдаги ёзма кўрсатма хати ижросини нима учун таъминламади?
Бошқарманинг 1 майдаги 13-сонли умумий йиғилиш баёни билан топшириқ ижросини таъминлаш чораларини кўрганмиз, дейишлари тайин. Бироқ кўрсатма ижросини орадан шунча вақт ўтказиб, ижрога қаратиш қайси қонун нормасига тўғри келади? Бу кечикиш учун ким жавоб беради?
Zarnews.uz‘да берилган хабарда “тиббиёт ходимларига маблағ ажратиш учун молия бош бошқармасига тақдим этиладиган талабномани ўрнатилган тартибда, ўз вақтида тақдим этмагани аниқланганлиги сабабли вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси (иқтисодчиси) С.Исламов ўз вазифасидан озод этилганлигини маълум қиламиз”, дейилади.
Савол туғилади, бошқарма бу хабарни тарқатишда мен бу санада ўз ихтиёрим билан, аризамга кўра, ишдан кетганлигимни нега эътиборга олмади?
Бошқарма бу билан шаънимга, қадр-қимматимга маънавий зарар етказди.
Шу боис, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза киритдим. Шу ўринда айрим жиҳатларга эътиборингизни қаратсам (буларнинг барчаси судга тақдим қилиниб, суд томонидан эътиборга олинган).
Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 18 мартдаги 240У-сонли буйруғи билан коронавирус инфекцияси кириб келиши, тарқалишининг олдини олиш ва эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида вилоят мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи ва аъзоларининг кунлик иш тақсимоти тасдиқланган. Унда С.Исламов бошқарма бош иқтисодчиси сифатида ишчи гуруҳига аъзо сифатида киритилмаган.
Карантин муассасаларида ишлаётган мутахассислар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш, уларнинг рўйхатини тасдиқлаб, молия бошқармасига бериб борилишини таъминлаш, устамаларни ҳисоблаш, тўланишини назорат қилиш вазифаси бошқарманинг бош ҳисобчиси С.Ёқубовга ишчи гуруҳ аъзоси сифатида юклатилган.
Шу асосга кўра, карантин даврида 1,2 миллиард сўм тўланмаганлигида менинг айбсиз эканлигим исботланди. Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масалага ойдинлик киритсин: айбдорга қандай чора кўради?
Юқоридаги саволларнинг аслида менга алоқаси йўқ. Уларга жавоб топиш тегишли мутасаддиларга, ижро интизомига масъулларга ҳавола.
Аммо шу ўринда бир гапни айтмасам бўлмайди. Инсонни “яхши” ёки “ёмон”га ажратиш мумкиндир. Аммо ҳуқуқ масаласида биров бошқадан устун эмас. Яъни, кимнидир ёмон кўриш ихтиёрий масала. Бироқ қонуний ҳуқуқини ҳурмат қилмасликка ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Айнан шунинг учун даъво аризамни кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотга беш кунлик муддатда раддия бериш ва “Самарқанд коронавирус инфо – уйда қолинг” номли ижтимоий телеграм саҳифасида чоп этиш мажбуриятини юклади.
Бироқ орадан мана 20 кундан зиёд вақт ўтяпти ҳамки, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бу мажбуриятни бажармаяпти.
Бундан ташқари, суд бошқарма ҳисобидан 2 миллион 907 минг 610 сўм зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Ўйлайманки, Мажбурий ижро бюроси суд қарорининг мазкур қисми бажарилишида қонун талаблари доирасида иш кўради.
Суннат ИСЛОМОВ.