Чақириққа борган тиббиёт ходими калтакланди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган чақириқ пайтида беморнинг яқинлари томонидан калтакланган тез ёрдам ходимининг Зомин туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч хирургия бўлимида ётиб даволанаётганлиги ҳақидаги хабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилиб, қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, жорий йилнинг 23 август куни соат 12:06 да Жиззах вилоят “Саll-марказ”ига Зомин тумани Оқтепа МФЙ Ж.Сулайманов кўчасида яшовчи фуқаро А.Б.га яқинлари томонидан чақириқ бўлган. Соат 12:10 да тез ёрдам бригадаси ушбу фуқаронинг яшаш хонадонига етиб борган.
Шифокор 1939 йил туғилган беморни текширувдан ўтказгач, беморнинг умумий аҳволи оғир бўлганлиги сабабли шифохонада стационар шароитда ётиб даволаниши учун олиб кетиш кераклигини айтади.
Аммо дастлабки маълумотларга кўра, беморнинг яқинлари бунга рухсат беришмаган. Шундан сўнг тез ёрдам бригадаси томонидан зарур биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, керакли маслаҳатлар берилган.
Шу куни соат 13:42 да мазкур хонадондан яна қайта вилоят “Саll-маркази”га чақириқ бўлган. Туман тез ёрдам бригадаси соат 13:47 да беморнинг яшаш хонадонига етиб борган вақтда беморда биологик ўлим юз берганлиги маълум бўлган.
Тез ёрдам бўлими навбатчи фельдшери Э.И. ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш бераётган вақтида беморнинг яқинлари томонидан калтакланган.
Фельдшер Э.И. зудлик билан туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига олиб келинган вақтда у карахт ҳолда кўнгли айниб, қайд қилиши кузатилган. Бемор тиббий текширувлардан ўтказилиб, шошилинч хирургия бўлимига ётқизилган.
Унга ёпиқ бош мия чайқалиши, бўйин соҳаси юмшоқ тўқимларининг лат ейиши, тери ости гематомаси ташхиси қўйилган. Айни пайтда беморга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига хабар берилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмокда.
Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.