Самарқандда 74 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро касб-ҳунарга ўқитиляпти

Бугунги кунда вилоятда 64 173 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Улардан меҳнатга лаёқатли фуқаролар 16 348 нафарни ташкил этади. Меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткичи Самарқанд шаҳрида 2244 нафар, Ургут туманида 1918 нафар, Паст Дарғом туманида 1505 нафарни ташкил қилади.

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналистлар учун бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Вилоятда бандлиги таъминланган ногирон фуқаролар сони 8080 нафарни ташкил этади, - деди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Нажмиддин Сулаймонов. – Шундан 4490 нафари давлат ва хусусий секторларда ўзининг самарали меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш чораларини ҳам кўряпмиз. Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган 74 нафар фуқаро бандлик марказларининг йўлланмаси асосида тикувчи, сартарош, ошпаз каби касбларга ўқитилмоқда.

Тадбирда таъкидландики, касб-ҳунар марказларида ўқиган, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган ногиронлиги бўлган фуқароларга субсидия асосида асбоб-ускуна олиб берилади. Корхона ва ташкилотларда ишлаш истагини билдирганларга ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.