Самарқандда 80 та фермер хўжаликлари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган

Вилоятда 2021 йил ҳосили учун 94 минг 230 гектар ғалла экилган бўлиб, ушбу майдонлардаги экинлар маҳаллий ва минерал ўғитлар билан вақтида озиқлантирилди.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кунда бошоқли дон экинларининг 14 минг 813 гектар ёки 15,7 фоизи бошоқлаш ва 79 минг 417 гектари ёки 84,3 фоизи сут-мум пишиш фазасида ривожланмоқда. Бир кунда вилоят бўйича 27 минг 558 гектар ғалла майдонларида тўртинчи суғориш ишлари амалга оширилмоқда.

Аммо ҳамма жойда ҳам ғалла парвариши юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказиляпти, деб бўлмайди. “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғалла парвариши юзасидан агротехник тадбирлар ижроси юзасидан 2021 йилнинг январ-апрель ойлари давомида 2 минг 156 та фермер хўжаликлари ғалла майдонларидаги бошоқли дон экинлари мониторинг - таҳлил тарзида ўрганилди.

Ўтказилган тадбирлари давомида 80 ҳолатда қонунбузилишлар содир этилганлиги аниқланди. Уларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилот ва идораларга 14 та тақдимнома киритилиб, 10 та ёзма кўрсатма берилди.

Қонунбузилишлар юзасидан 22 ҳолатда “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан маъмурий қарорлар қабул қилинди, 34 та қонунбузилиш ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди ҳамда ижроси таъминланди.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.