Самарқандда бир йилда тўрт эгизли тўртинчи ҳолат кузатилди
Шифокорлар туғруққа келган аёлга «преэклампция оғир даражаси, сурункали пиелонефрит ўнг буйраги гидронефрози II даражаси» каби ташхислар қўйилиши қанчалик жиддий ва хавотирли эканини яхши билишади.
Яна бунинг устига кўзи ёрийдиган аёл ўн йил фарзанд кутган, кутаётганлари эса тўрт нафар эгиз чақалоқ бўлса. Шифокорларнинг шошилинч саъй-ҳаракатлари, тажрибали мутахассисларнинг тезкор қарор қабул қилишлари натижасида тўрт нафар чақалоқ ҳам эсон-омон дунёга келди.
- Муниса Бекмирзаева ҳомиладор бўлганидан бошлаб назоратимизда эди, - дейди вилоят перинатал маркази бош шифокори Лола Ҳамроева. – УТТ аппаратида унинг тўрт нафар эгиз фарзанд кутаётгани маълум бўлгач, қарийб ҳар ойда туғруқхонага келиб, муолажалар олиб турарди. Кўзи ёриш арафасида ҳам бирмунча олдинроқ келишини тайинладик. Аҳволи анча оғир эди, тўрт эгизакни кўтариш осонмас, буни шифокор бўлмаган одам ҳам яхши тушунади. Чақалоқларнинг энг кичик вазни 1100 грамм оғирликда туғилган бўлса, энг каттаси 1750 грамм вазн билан дунёга келди. Чақалоқларнинг саломатлигини яхшилаш учун зарур дори-дармонлар бепул берилмоқда.
Шуни алоҳида айтиш керакки, вилоят перинатал маркази кейинги бир йил давомида тўрт эгизли чақалоқ кўрган тўрт нафар онага хизмат кўрсатди.
- Фарзандларимизга Марямхон, Ҳабибуллоҳ, Ҳафизуллоҳ, Абдуллоҳ деб исм бердик, - дейди биз билан суҳбатда Муниса Бекмирзаева. – 2014 йил турмуш қурган бўлсак, шу пайтга қадар бормаган шифокоримиз қолмади, оиламиздагилар, турмуш ўртоғим билан барча синовларга дош бердик. Шукрки, Яратган бизга ҳам ота-оналик бахтини насиб этди. Тўғриси, аҳволимдан ўзим қўрқиб кетгандим, шифокорларга катта раҳмат, бошданоқ ўзлари назоратга олишди, зарур муолажаларни амалга оширишди.
Асли қашқадарёлик, аммо бир неча йиллардан бери Самарқандда истиқомат қилаётган бу оила фарзандларини катта қилишда оиладагиларнинг ёрдамига таянамиз, дейишмоқда. «Кутганимизни берган Аллоҳ ризқини ҳам беради», дейди Муниса.
Гулруҳ МЎМИНОВА.