Самарқандда божхоначилар 2021 йилда салкам 15 килограмм гиёҳвандлик воситасини чегарада ушлаб қолган

Бу маълумотлар Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан “Aҳолининг кенг қатлами, шу жумладан, уюшмаган ёшлар орасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш” мавзусида ўтказилган видеоконференция шаклидаги семинарда айтилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, Ўзбекистон Республикаси Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси котиби Ш.Ғуломов ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари қатнашди.

Тадбирда Ж.Файзуллаев вилоят божхона бошқармаси мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувини олдини олишда жиддий кураш олиб бораётганлиги ҳамда вилоятнинг турли нуқталари ва олис худудларида гиёҳвандликнинг барча кўринишига қарши курашишда тадбирлар ўтказиб келаётганлиги тўғрисида тўхталди.

Мисол учун, божхоначилар томонидан гиёҳвандлик воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши, ички ҳудудларда етиштирилиши ва сотилиши билан боғлиқ олиб борилган мақсадли тадбирлар натижасида 2021 йилда жами 13 ҳолатда 14 483,50 грамм гиёҳвандлик воситаси аниқланган.

Шундан: 1051,90 грамм героин, 4 803,16 грамм опий, 8 057,95 грамм гашиш, 570,49 грамм марихуана, 3 туп каннабис ўсимлиги аниқланган.

Бугунги кунда интернет тармоғи орқали гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналогларини муомалага чиқариш ҳамда уларни манзилларга тарқатиш билан ёшларнинг шуғулланиши ҳам ортиб бормоқда.

Ҳозирда республикамизда мазкур йўналишда айнан 17-25 ёшдаги фуқаролар иштирокида ҳуқуқбузарликларни содир этаётганликлари кузатилган. Шу ўринда, Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан шундай жиноятларни фош этишда ҳамкорлик кучайтирилган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.