Самарқандда бугунги кутилмаган жала оқибатлари бартараф этилмоқда

Жорий йилнинг 29 апрель куни соат 16:00 дан соат 18:00 га қадар вилоятимиз ҳудудида кузатилган кучли ёмғир оқибатида Самарқанд шаҳрининг Галаосиё, Сўзангарон, Мирзо Улуғбек, Шоҳи Зинда, Тунукасозлар, Ойбек ва Избоскан кўчалари ҳудудига йиғилган оқава сувларининг ариқлардан тошиб чиқиши сабабли 8 нафар фуқаронинг ҳовлиси ва ертўлаларига сув кирганлиги кузатилди.

Жала оқибатларини бартараф этишга вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 6 та махсус техника ва 44 нафар шахсий таркиб вакиллари, ободонлаштириш бошқармаси, “Сувоқава” ДУКдан 8 та махсус техника ва 52 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинди.

Шунингдек, “Тошкент-Самарқанд-Бухоро” М-37А автомобиль йўлининг 39-40 километрдаги ёмғир сувларининг ариққа сиғмасдан оқиб тушиши туфайли йўлнинг 2-3 метри, чуқурлиги 1,5 метр ва кенглиги 0,6 метрлик қисми ювилиб кетган. Ҳозирда уни бартараф этиш мақсадида иш олиб борилмоқда.

Шиддатли ёмғир сабаб Булунғур тумани марказининг Алишер Навоий кўчасидаги 19-уй, Фурқат кўчасидаги 24-уй, Бахши кўчасидаги 10-уй, Шароф Рашидов кўчасидаги 14-уй, Спитамен кўчасидаги 60-уй, Соҳибкор кўчасидаги 25 “А”-уй, Чаманзор кўчасидаги 12-уй ва Ҳамид Олимжон кўчасидаги 6-уйнинг ҳовлисига сув оқиб кирган. Булунғур тумани ободонлаштириш бўлими томонидан аҳолига ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, М-37 автомобиль йўлининг Булунғур туманига туташ Юқори нуқта пост-маскани ҳудудида ҳам сурункали ёмғир сувлари автомобиль йўлига чиқиб кетиб, йўлда соат 17:00 дан соат 17:40 гача вақтинча бир томонлама қатнов йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу ҳолат бартараф этилиб, автомобиль қатнови йўлга қўйилди.

 

Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.