Самарқандда чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонлар ўтказилмоқда
Кеча Самарқанд шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактабида “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификати бериш” бўйича март ойида бўлиб ўтадиган баҳолаш имтиҳонининг дастлабки босқичи (“Тинглаб тушуниш”, “Ўқиш”, “Лексик ва грамматик компетенциялар”, “Ёзма иш”) бўлиб ўтди.
Тест синовларида жами 39 нафар талабгорнинг 36 нафари иштирок этди.
Тест синовлари санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ИИБ ходимлари, Миллий гвардия, СЭОМ ходимлари иштирокида ташкил қилинди.
Бугун имтиҳоннинг иккинчи босқичи, яъни гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳони бўлмоқда. Имтиҳон СамДУ жисмоний маданият факультети биносида 27 мартгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификати бериш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 352-сон қарорига мувофиқ, мазкур имтиҳонларнинг ҳар иккала босқичи натижалари бўйича белгиланган максимал баллнинг 60 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган талабгорларга намунадаги сертификат тақдим этилади. Сертификат эгаларига кириш тест синовларида чет тили фанидан максимал балл берилади.
Талабгорлар тест жойи, куни ва вақтини Давлат тест марказининг интерактив хизматлар портали (my.dtm.uz сайти) орқали шахсий кабинетидан билиб олишлари мумкин.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими ахборот хизмати.