Самарқандда чигиртка галаларига қарши қандай чора кўрилмоқда?

Ижтимоий тармоқларда қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятларида чигирткалар галаси ёпирилиб, чўл ўсимликларини нобуд қилаётгани, бунга чора кўрилмаса дала экинларига катта зарар етказиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хўш, чигиртка қанчалик хавфли ва бу зараркунандага қарши курашиш борасида вилоятда қандай чоралар кўриляпти?   

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси тасарруфидаги чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш бўлими ходимлари томонидан 2024 йилда вилоят туманларида 59300 гектар майдонда чигиртка тарқалиши башорат қилинган эди. Шундан 14538 гектар майдонда кузатув ишлари ўтказилди, 13715 гектарда эса чигиртка тарқалганлиги аниқланди. Айниқса, Нуробод (7050 гектар), Қўшработ (4720 гектар), Пайариқ (776 гектар) ва Каттақўрғон (768 гектар) туманларида чигиртканинг энг кўп тарқалганлиги қайд қилинди.

Чигиртка галаларига қарши 13563 гектар майдонда кимёвий ишлов бериш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 367,4 литр 20 фоизли “Келлер супер” ва 466,2 литр 30 фоизли “Антиколорад” препаратлари сарфланди. Мос равишда 7347 гектар ва 6216 гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилиб, юқори самарадорликка (94-95 фоиз) эришилди. Ҳозирда бошқа ҳудудлардан чигиртка кириб келишини олдини олиш борасида соҳа ходимлари ва мутахассислар томонидан доимий кимёвий ишлов бериш тадбирлари ўтказилмоқда.

Бизда чигиртканинг 100 дан ортиқ тури мавжуд, улар қисқа муддатда 1 метр квадрат майдонда 250-300, баъзи ҳолларда эса 1000 тагача кўпайиб, тоғ, тоғолди, минтақасидан бир зумда яйлов, ўтлоқ, ғалла ва бошқа майдонларга зарба бера бошлайди.

Бизда асосан тўқай ва “Марокаш” чигиртка турлари кенг тарқалган, яна “Отбосар”, “Туркман”, “Олақанот” ва шоли чигирткалари ҳам учраб туради. Баҳорги илиқ ҳаво келиши билан улар шимолдан жанубга кўчади ва бу деҳқончилик, чорва озуқа майдонларига катта зарар келтириши эҳтимолдан холи эмас.

Одатда уларнинг ҳужуми личинкаларидан бошланади ва бир ойда  вояга етган чигиртка сифатида экинзорларга зарар етказади. Улар 1500-1600 донагача тўда ҳосил қилиб, бир ой давомида ҳужумкор руҳда бўлади. Вояга етгач, қанот чиқаради ва дастлаб 40-50 метр, сўнгра эса бир неча ўн километр масофани бемалол босиб ўта олади. 3-10 кун ўтиб жуфтлаши натижасида урғочилари тухум қўйишга ҳозирлик кўришади.

Тўқай чигирткаси одатда ғалла ва бошқа экинлардан тортиб ем-хашак ўтларигача кучли зарар етказади. Чигиртка кўпайган майдонларда зудлик билан уларга қарши курашиш мақсадида биринчи галда, кимёвий моддалардан фойдаланилади. Масалан, 10 фоизли “Фастак”, 25 фоизли “Циракс”, 20 фоизли “Конфидор”, 20 фоизли  “Моспилан” кукун ҳолидаги моддаларни қўллаш яхши самара беради. Бундан ташқари, 4 фоизли “Адонис” (0,1 л/га), 15 фоизли “Немолт” (0,06 л/га), 48 фоизли “Димилин” (0,03 л/га) ва бошқаларни қўллаш ҳам тавсия этилади.

Бурхон ФАЙЗУЛЛАЕВ, 

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти Самарқанд минтақавий филиали  директори.

Жамолиддин АБДУҒАНИЕВ,

Вилоят чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати бошлиғи.