“Уларга қарши курашилмаса 25 миллион гектар экинга зарар етказади”: Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси чигирткалардан огоҳлантирмоқда

Ҳозирги кунда ўсимликларга касалликлар билан бирга зараркунандалар ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Чигиртка ана шундай зараркунандалардан бири. Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бу офатнинг тахминий зарари ва унга қарши кураш юзасидан маълумотларни тақдим этди.

Марказий Осиёда “Марокаш” чигирткаси энг кенг тарқалган турларидан бири ҳисобланади. Бу тур Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларининг, Ўзбекистон билан чегарадош туманларида, денгиз сатҳидан 250-1600 метр баландликдаги тоғ олди ҳудудларининг мавсумий ўсимликлар ўсадиган яйловларда кўп учрайди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг денгиз сатҳидан 250 метр баландликдаги барча ҳудудларида, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсининг яйловларда кенг тарқалган.

Хўш, чигиртка қайси ўсимликларга қандай зарар келтиради?
Чигиртка барча қишлоқ хўжалик ўсимликлари, жумладан, арпа, буғдой, сўли, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, ғўза ва полиз экинлари, беда, дон-дуккаклилар, полиз экинлари, ерёнғоқ, кунгабоқар, кунжут, зиғир, махсар, тамаки, эфир мойли экинлар ва яйлов ўтларига катта зарар етказади. Яна чигирткалар ток новдалари, мевали дарахтлар барглари, ёш новдалар, мева ва барг бандларини ҳам кемириб зарар келтиради.

Воҳа чигирткасининг личинкалари табиатдаги ёввойи ўсимликлар билан озиқланади. Етук зотга ўтгандан сўнг эса маданий экинларга кўп зарар келтиради. Маълумотларга асослансак, чигиртка экинларга жуда катта зарар эканига гувоҳ бўламиз.

Уларга қарши курашда қишлоқ хўжалик ходимларига Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳам илмий-амалий кўмак кўрсатиб келади. Бошқарма вакилларининг огоҳлантиришича, “Марокаш”, “Италия” ва “Осиё чигирткаларига қарши курашилмаса 25 миллион гектардан ортиқ майдондаги яйлов ўсимликлари ҳамда қишлоқ хўжалик экинларига зарар келтиради. Оқибатда, олинадиган ҳосил йўқотилади. Бу эса 20 миллиондан ортиқ инсонда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги ёки оч қолиш хавфини юзага келтиради.

МДҲ давлатларида чигиртканинг 500 дан ортиқ, Ўзбекистонда эса 200 та тури аниқланган. Шулардан 10-12 та тури қишлоқ хўжалик экинлари ва яйлов ўсимликларига хавф туғдиради, агар чигирткалар ёпирилса 100 гектарлаб майдондаги экинларни жуда оз муддатда кемириб йўқ қилади.
Ҳозиргача вилоятимизда чигиртка балоси экинзорларга жиддий зарар етказишини олдини олиш, ҳосилнинг йўқ бўлишидан асраш учун зараркунанда чигиртка учоқларини йўқотиш, уларга қарши кимёвий препаратлар билан ишлов бериш ишлари амалга оширилган.

Жумладан, 2021 йилда 2023 литр кимёвий препарат ёрдамида 25 155 гектар майдонга ишлов берилган. “Марокаш” чигирткасига қарши 18 563 гектар ва “Италия пруси” чигирткасига қарши 6 592 гектар майдонга кимёвий ишлов ўтказилган.

Маълумот учун, жорий йилда вилоятимизда 31 500 гектар майдонда чигиртка тарқалиш хавфи бор ва уларга қарши 27 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилиши башорат қилинди. Шундан вилоят ҳудудида тарқалиши мумкин бўлган 27 минг гектар, қўшни вилоятдан учиб ўтиш ҳисобига ишланадиган майдон эса 4 500 гектарни ташкил этмоқда.