Самарқандда экспортёрларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилди
Вилоят божхона бошқармасининг маъмурий биносида маҳсулотлар экспортида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда божхона соҳасида яратилган қулайлик ва имкониятларга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, соҳа ходимлари иштирок этган тадбирда дастлаб юртимизда экспорт кўламини кенгайтириш, соҳада сон ва сифатни ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, бу борада тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.
- Экспортёрларни рағбатлантириш мақсадида кейинги йилларда товарлар ва хизматларни чегарадан ўтказишда ҳам бир қатор енгилликлар берилмоқда, - дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов. - Хусусан, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида республикамизда товарлар экспортини амалга оширишда божхона йиғимларидан ташқари барча божхона тўловларидан озод қилинган.
Акциз тўланадиган товарларни уларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан экспортга реализация қилишга акциз солиғи солинмайди. Шунингдек, экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш амалиёти бекор қилинди.
Семинарда қайд қилинганидек, экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви тегишли барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан уч иш кунида амалга оширилиши белгиланган. Вилоятимизда экспорт маҳсулотларининг божхона расмийлаштирувида экспортёрларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бу амалиёт бир иш кунида бажарилмоқда. Шунингдек, барча божхона постларида бу иш дам олиш ва байрам кунларисиз ташкил қилинмоқда.
Натижада республикамизнинг 53 та божхона постлари орасида жорий йилнинг апрел ойи якунларига кўра, товарларни “экспорт” божхона режимига расамийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости биринчи ўринни эгаллади.
Семинарда шунингдек, хорижий инвесторларни жалб қилиш, экспортда хорижий ҳамкор топиш ва экспорт қилиш тартиблари тўғрисида атрофлича тушунчалар берилди.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятида учраётган муаммолар муҳокама қилинди.
Ё.ГАДОЕВ.