Самарқандда энг кўп ҳужжат тиббиёт техникуми ва коллежига топширилди

Вилоятдаги 15 (шундан 11 таси педагогика, 2 та тиббиёт, 1 та қурилиш ва 1 та транспорт) идоравий коллежларда kollej.edu.uz платформаси орқали 7201 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Коллежларнинг 2020-2021 ўқув йилидаги қабул режаси 5385 тани (шундан 645 нафари грант, 4740 нафари тўлов-контракт асосида) ташкил этади. Белгиланган режага нисбатан абитуриентлар томонидан ҳужжат топшириш 134 фоизга етди. Коллежларда ўқиш давомийлиги касб ва мутахассисликлар мураккаблигидан келиб чиқиб 2 йилгача белгиланган.

Бу йил вилоятимизда 22 техникум фаолият бошлади. Уларга камида умумий ўрта маълумотга эга, яъни мактабнинг 11-синфини тамомлаган шахслар 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи шаклларда, давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. 

Техникумларга texnikum.edu.uz платформаси орқали 16289 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Техникумларнинг қабул режаси 9290 (шундан 1321 таси грант, 7969 таси контракт) та бўлиб, белгиланган режага нисбатан абитуриентлар томонидан ҳужжат топшириш 175 фоизни ташкил этди.

Вилоятда энг кўп ҳужжат топширган техникум Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми (собиқ Самарқанд таянч тиббиёт коллежи) бўлиб, 2504 нафар абитуриент шу масканни танлаган. Техникумга 600 нафар талаба қабул қилинади. Уларнинг 24 нафари грант, 576 нафари контракт асосида ўқийди.

Шунингдек, 480 нафар талаба 40 нафари грант, 440 нафари контракт асосида қабул қилинадиган Сўзангарон тиббиёт коллежига 1472 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Энг кам ҳужжат топширилган техникумлар сони 6 та бўлиб, Самарқанд ахборот технологиялари техникумига 308 нафар (қабул режаси 360 нафар), Жомбой рақамли технологиялар техникумига 255 нафар (қабул режаси 325 нафар), Гулобод агробиотехнология техникумига 230 нафар (қабул режаси 390 нафар), Нарпай хизмат кўрсатиш техникумига 224 нафар (қабул режаси 330 нафар), Самарқанд автомобилсозлик техникумига 166 нафар (қабул режаси 360 нафар), Самарқанд ветеринария медицинаси техникумига 509 нафар (қабул режаси 720  нафар)ни ташкил этди.

Энг кам ҳужжат топширилган коллежлар эса 2 та - Самарқанд қурилиш коллежига 183 нафар (қабул режаси 420 нафар), Самарқанд транспорт коллежига 74 нафар (қабул режаси 210 нафар) ёшлар ўқиш истагини билдирган.

Коллеж ва техникумларга имтиҳон кунлари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Отажон НОРОВ,

вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва

мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси

бош мутахассиси.