Самарқандда энг юқори ер солиғи қаерда ҳисобланади?

Ер ва мол-мулк солиғидан берилган имтиёзлар амалдами? Тўловни ўз вақтида қилмаса, нима бўлади? Кадастр ҳужжатлари йўқ хонадонларга солиқ қандай ҳисобланади?

Вилоят Матбуот уйида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Аҳмеджонов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга атрофлича жавоб берилди.

Таъкидланганидек, Солиқ кодексининг 423-моддасига асосан мамлакатимизда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғини тўлаши тенг улушларда 15 апрель ва 15 октябрга қадар амалга оширилиши белгиланган. Бунда тўланадиган солиқ суммаси мол-мулкнинг 1 январдаги ҳолатига кўра бўлган кадастр қийматидан ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Хусусан, ер солиғи ставкалари ҳар бир ҳудуд учун алоҳида, унинг жойлашуви, ерининг унумдорлиги, инфратузилмаси сингари қатор меъёрлар асосида белгиланиб, ҳудудий халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланади. Айни кунда вилоятимиздаги ер солиғининг энг юқори қиймати Самарқанд шаҳрининг Найман маҳалласи (бир квадрат метр учун 499,2 сўм)га ва энг паст қиймати Қўшработ туманининг Тинчлик маҳалласи (бир квадрат метр учун 134,4 сўм)га ҳисобланади.

Маълумотга кўра, бугун вилоятимизда жами 875510 нафар мол-мулк ва ер солиғи тўловчиси мавжуд. Жорий йилнинг 1 октябрига қадар уларга ҳисобланган 444042,1 миллион сўм солиқдан 226626,4 миллион сўми ундирилган бўлиб, шундан мол-мулк солиғи 88732,43 миллион, ер солиғи 146357,95 миллион сўмни ташкил этади. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, солиқ ундирилишидаги энг паст кўрсаткич Ургут туманида - 38,5 фоизни ташкил этмоқда. Пайариқда бу 53 фоизни, Оқдарё туманида 57,7 фоизни, Самарқанд шаҳрида 58,8 фоизни, Иштихон туманида эса 59,5 фоизни ташкил этади. Айтиш жоизки, бугун вилоятда жисмоний шахсларга мол-мулк солиғидан 115343 та ҳолатда 18154,34 миллион сўм солиқ имтиёзи қўлланилган. Қонунчилигимизга кўра, бир нечта мулки бор фуқаролар солиқ имтиёзи қўлланидиган мулкини ихтиёрий танлаши мумкин. Айни кунларда аҳоли ўртасида яна бир имтиёз — хонадонини муқобил электр энергиясига улаш орқали 3 йил ер ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод бўлиш тартиби тушунтирилиб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида кадастр ҳужжати йўқ хонадонлар учун уч баробар солиқ ҳисоблаш тартибининг бекор қилиниши масаласи ҳам кўтарилди. Ф.Аҳмеджоновга кўра, айни кунда вилоятда мутасадди идоралар ҳамкорлигида кадастр ҳужжати йўқ хонадонларни хатлаш ишлари олиб борилмоқда, бугунгача 560 минг объект хатловдан ўтказилган. Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш ҳамда солиқларни уч баробар ҳисобламаслик масаласи тегишли органларнинг хатлов якунлари бўйича хулосаси асосида амалга оширилади.