Самарқандда фоҳишалик билан шуғулланган шахслар ИИБ инспекторининг сусткашлиги сабаб жазодан қутулиб қолди

Ҳуқуқбузарлардан бири 1994 йилда Хатирчи туманида туғилган, иккинчиси эса 1992 йилда Сирдарё шаҳрида туғилган.

Бу икки шахс жорий йил 30 июль куни соат тахминан 23:50 ларда Самарқанд шаҳридаги хонадонлардан бирида фоҳишалик билан шуғулланган.
Мазкур иш бўйича 7 сентябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси “Жиноят иши қўзғатишни рад этиб, маъмурий тартибда юбориш тўғрисида” қарор қабул қилган.
21 октябрь куни профилактика катта инспектори ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган.
Иш 1 ноябрь куни мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига тақдим қилинган.

2 ноябрь куни суд ишни юритишдан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Негаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддаси 2-қисмига кўра, "жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилса, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин".
Яъни, 7 сентябрь куни жиноят иши қўзғатишни рад этиб, маъмурий тартибда юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса-да, 1 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига тақдим этилган.