Самарқандда фуқароларнинг коронавирусга чалиниши бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилмоқда

Қатъий, тизимли ва самарали саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимизда сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сонининг камайиши баробарида, ундан соғайиб чиқаётганлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

Ушбу қувончли воқеа замирида давлатимиз раҳбари бошчилигида кўрилаётган самарали чора-тадбирлар, шунингдек,  тиббиёт ходимлари билан бирга, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги, прокуратура органлари каби қатор идораларнинг улкан ҳиссаси бор. Коронавирус дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда, халқимизнинг бирдамликда коронавирус балосига қарши курашишга киришиб, самарали натижаларга ҳам эришмоқда. Натижада, коронавирусдан холи – “яшил” ҳудудлар ҳамда сўнгги 14 кун давомида коронавирус аниқланмаган – “сариқ” ҳудудларимиз сафи кенгаймоқда. Аммо шу билан бирга, афсуски, коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланаётган “қизил” ҳудудлар ҳам бор.

Жумладан, Самарқанд вилоятида сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони сезиларли даражада ошганини кузатиш мумкин. Таҳлилларга кўра, вилоятда касаллик, асосан, олтита ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин. Жумладан, биринчи ўчоқ Тойлоқ туманида, иккинчи ўчоқ Оқдарё туманида, учинчи ўчоқ Пайариқ туманида, тўртинчи ўчоқ Иштихон туманида, бешинчи ўчоқ Самарқанд шаҳри ва олтинчи ўчоқ халқаро юк ташиш автомашинаси ҳайдовчиси билан боғлиқ.

Сўнгги 14 кун ичида вилоятда 156 нафар фуқорода коронавирус инфекцияси аниқланган. Биргина, 12 май куни 19 нафар ва 15 май куни 23 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани вилоятдаги вазиятнинг нақадар жиддий эканини кўрсатмоқда.

Бугунги маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида яна 19 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Айни ҳолатга кўра, вилоятда аниқланган беморлар сони 261 нафарни ташкил этиб, соғайганлар 154 нафарни (бугун 10 нафар бемор соғайган) ташкил этмоқда. Ҳозирда даволанаётган беморлар сони бўйича эса Тошкент шаҳридан (293 нафар бемор даволанмоқда) кейин Самарқанд вилояти (106 нафар бемор даволанмоқда) иккинчи ўринда турибди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз мутахассислари билан биргаликда Самарқанд вилояти, шунингдек, бошқа коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланаётган ҳудудларда карантин қоидаларини кучайтириш, маҳаллий хокимликлар, Миллий гвардия, Ички ишлар ходимлари каби қатор муассасалар билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осайишталик агентлиги мутахассислари, Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳ Самарқанд вилоятига сафарбар этилиб, беморларни халқаро стандартлар асосида даволаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Аммо юртимизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилаётгани туфайли берилган эркинликни нотўғри тушуниб, баъзи худудларда аҳоли заруратсиз кўчаларда  юришаётгани, карантин қоидаларига амал қилишмаётгани каби ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Бу эса инфекция юқтириш хавфини янада кучайтирмоқда.

Шу сабабли карантин қоидалари юмшатилаётган бир пайтда баъзи қоидаларни одатий турмуш тарзимизга айлантириш талаб этилади. Жумладан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, дезинфекция қилиш, тиббий ниқоб тақиб юришни одатга айлантириш каби қоидаларига амалга қилган ҳолда инфекция юқишдан  ўзимизни эҳтиёт қилишимиз зарур. Энг муҳими, барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, масъулият билан карантин қоидаларига амал қилсак, коронавирус пандемияси устидан, албатта, ғолиб бўламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.