Самарқандда гепатология маркази очилади

6 ноябрь куни давлатимиз раҳбари бошчилигида тиббиёт соҳаси бўйича ўтказилган йиғилишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, касалликлар таркибига қараб, хусусий секторни жалб қилган ҳолда, даволаш муассасаларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланганди. Жумладан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда – буйрак, Андижонда – кардиология, Бухоро ва Навоийда – ошқозон-ичак, Жиззах ва Сирдарёда – нафас йўллари, Қашқадарё ва Фарғонада – эндокрин, Самарқандда – гепатология, Наманган ва Сурхондарёда – асаб ва қон айланиши тизими, Тошкент вилоятида – офтальмология, Тошкент шаҳрида – онкология касалликлари бўйича илғор хорижий клиникалар филиалларини ташкил этиш белгиланди.

Гепатология жигардаги ўзгаришлар билан боғлиқ хасталикларни даволовчи соҳа ҳисобланади. Мазкур соҳада Самарқандда узоқ йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган мутахассислар кўп. Қолаверса, ҳар йили шу соҳани танлаб, клиник ординатурани ўтаётганлар сони турлича бўлиб, ўртача 2-3 нафар мутахассис тайёрланади. Билим олишнинг ушбу босқичида талабалар қарийб тўрт ой айнан жигар касалликлари бўйича дарс олади. Икки йилдирки вилоят юқумли касалликлар шифохонаси қошида гепатология маркази, фаолият кўрсатмоқда. Ушбу марказ аҳолининг эҳтиёжи, шунинг­дек, тегишли ҳукумат қарорлари асосида ташкил қилинган. Марказда нафақат самарқандлик, балки қўшни Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Бухоро вилоятларидан ҳам беморлар даволанмоқда. У ёки бу шифохонанинг савиясини аввало аҳолининг ўзи белгилайди. Асосий индикатор – аҳолининг ўзи. Қайси вилоятдаги шифохонага боришни уларнинг ўзи танлайди.

Бир пайтлар қатор диагностик таҳлиллар учун беморларни пойтахтга жўнатишга мажбур бўлардик. Ҳозирги кунда ушбу лаборатория таҳлилларининг 99 фоизи Самарқанднинг ўзида ҳам мавжуд. Фақат ушбу диагностик таҳлилларнинг барчаси марказда эмас, бир қисми хусусий клиникаларда амалга оширилади. Бу эса баъзи беморларнинг моддий имкониятларига тўғри келмайди. Самарқандда ушбу марказнинг такомиллаштирилишида лаборатория жиҳозларига ҳам эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу соҳада Самарқандда хорижий клиника филиали ташкил этилса, марказ мутахассислари билан у ерда тажриба алмашинув ҳам йўлга қўйилади, деган умиддамиз.

Маҳбуба ЯРМУҲАММЕДОВА,

Самарқанд давлат тиббиёт институти юқумли касалликлар кафедраси доценти.