Самарқандда Германия билан дуал таълим бўйича мутахассислар тайёрланади

Самарқанд шаҳридаги 2- ва 3-политехникумларда “Aусбилдунг” дастури асосида Германия билан дуал таълим бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва блогерлар билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Янги ўқув йилидан транспорт логистикаси, ташишларни ташкил этиш ва транспортни бошқариш, саноат механиги, бино ва иншоотлар қурилиши каби касбларда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар саралаб олинади, - деди вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. - Ўқув йилининг биринчи босқичини таълим муассасасида ўқиб, қолган иккинчи ва учинчи босқичини Германиянинг таълим муассасаларида давом эттириш имконияти яратилади. Фақат немис тилидан B1 тил сертификатига эга бўлганлар Германияда таҳсилни давом эттиради.

Бундан ташқари, вилоятдаги 54 та касбий таълим ташкилотларида дуал таълим ташкил этилган бўлиб, 564 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 2958 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Анжуманда 2024-2025 ўқув йили битирувчиларнинг якуний аттестацияси иш берувчилар вакиллари иштирокида демонстрацион имтиҳон (амалий имтиҳон) шаклида ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Бундай тажриба илк бор ташкил этилаётгани билан аҳамиятли.

Маълумот ўрнида, 2024-2025 ўқув йилида вилоятдаги 69 та касбий таълим муассасаларини 121 та касб ва мутахассислик бўйича 18 минг 473 нафар ўқувчи битиради.