Самарқандда ҳарбий хизматчиларга янги хонадонлар калити топширилди

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов Наврўз умумхалқ байрами арфасида Самарқанд шаҳри Қорасув массивида қуриб битказилган замонавий 5 қаватли уйларнинг калитларини ўз эгаларига топширди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга хабар берди.

Замонавий ва шинам уйлар 2 ва 3 хонадан иборат. Эндиликда у ерда 45 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилади.  

Тантанали очилиш маросимида округ қўмондони, вилоят ҳокимлиги вакиллари, пудратчи ва қурувчилар, хонадон эгалари ва яқинлари иштирок этди.

Унда сўз олганлар хонадон эгаларини айём арафасидаги қўшалоқ хурсандчилик билан муборакбод этиб, қурувчиларга миннатдорлик билдирди.  

Шунингдек, шу куннинг ўзида Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда 620 ўринли Маданият маркази округ қўмондонлиги ва вилоят ҳокимлиги вакиллари иштирокида фойдаланишга топширилди.